Бухоро вилоятида Республика давлат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг амалий ёрдами билан чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Когон туманида жорий йилда 4 та йирик лойиҳа амалга оширилди. Шундан 2 та минг бошга ва 2 та 350-400 бошга мўлжалланган бўрдоқи йўналишидаги қорамолларни боқишга ихтисослашган замонавий мажмуа ишга туширилди.

– Корхонамиз 2014 йилда масъулияти чекланган жамияти шаклида ташкил этилган эди, – дейди “Дехимирзаён чорваси” бўрдоқи йўналишидаги қорамолларни боқиш ва асрашга ихтисослашган фермер хўжалиги иш юритувчиси Шукур Абдуллаев. – Давлатимиз раҳбарининг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлари натижасида 2017 йилда фермер хўжалиги шаклида қайта рўйхатдан ўтдик. Тумандан 2 гектар жой ажратилди. Бу ерлар ташландиқ эди. Давлатдан 1 миллиард 700 миллион сўм кредит олиб янги замонавий комплекслар қурдик. Комплекс 600 бош қорамолга мослашган. Айни кунда 200 бош қорамол, 200 бош наслли қўйлар парваришланмоқда. Яқин кунларда 300 бош қорамол Украина давлатидан олиб келинади. Бунинг учун Халқ банкидан 300 минг евро имтиёзли кредит олинди. 13 нафар иш ўрни яратдик.
Тумандаги “Янгиобод КТҚК” фермер хўжалиги томонидан, умумий қиймати 20 миллиард сўмлик жами 1000 бош гўшт йўналишидаги қорамолларга мўлжалланган замонавий чорвачилик мажмуаси қурилиб фойдаланишга топширилди. Уларда жами 500 бош наслли қорамоллар парваришлаш йўлга қўйилди. 10 та янги иш ўрни яратилди. Наслдор қорамоллардан ҳозирга қадар 75 бош наслдор бузоқ олинди. Йил якунига қадар 210 бош наслдор бузоқлар олиниши кутилмоқда.
Тумандаги “Самандар саноат савдо” МЧЖ томонидан, умумий қиймати 4.7 миллиард сўмлик маблағлар ҳисобига, жами 400 бош гўшт йўналишидаги қорамолларга мўлжалланган замонавий чорвачилик комплекси қурилиш ишлари якунига етказилди. Уларда жами 280 бош бўрдоқи қорамоллар парваришлаш йўлга қўйилди. 40 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди.
– Икки ой олдин Россия давлатидан 700 бош Герефорд, Ангус, Абердин зотли гўшт йўналишидаги қорамоллар олиб келинди, – дейди “Самандар саноат савдо” МЧЖ раҳбари Мирзоҳид Раҳмонов. – 2018 йилда туманнинг чўл ҳудудидан 3 гектардан ошиқроқ ер ажратилди. Ўзимизни маблағдан замонавий комплекс қурдик. Айни кунда Россия давлатидан 1 минг 500 бош қорамол келиши кутиляпти. Бунда 750 бошга ўз ҳисобимиздан, 750 бошга Алоқа банкдан 650 минг доллар имтиёзли кредит олиб тўладик. Гўшт маҳсулотини кўпайтириш мақсадида 500 бош ангус зотли урғочи қорамолларни келтириб ўзимизда кўпайтиришни режалаштиряпмиз. Мақсад бўрдоқига молни ўзимизда кўпайтириш. Комплексда 2 минг бош Эдилбой, Ҳисори, Қоракўл зотли қўйлар ҳам парваришланмоқда. У ерда асосан ёшлар меҳнат қилади. Улар учун барча шароитлар мавжуд. 3 маҳал иссиқ овқат, вақтида ойлик маош бериляпти.

– Оила боқиш учун Россия давлатида фермада ишлардим, – дейди Шофиркон тумани, Боғиафзал маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, корхона ишчиси Жасур Нажимов. – Пандемия сабаб четга чиқа олмадим. Мана шу мажмуага мурожаат қилгандим. Мени ишга қабул қилишди. 3 нафар фарзандим бор. Уларни боқишим, тарбиялашим учун ўз юртимда меҳнат қилиш бахтига мушарраф бўлдим. Бундан хурсандман. Ҳар ой 3 миллион сўм ойлик оляпман. Корхонада барча шароитлар мавжуд.