
Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг Зарбдор туман қуйи тизими хизматлари томонидан бошқарув органлари, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай ҳолатларда аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатларга доир қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказилди.
Уч кун давом этган ушбу ўқув машғулотлар бошланиши фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими (ФВДқТ) хизматлари раҳбарларининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги юзасидан ахборотларини тинглаш билан бошланди.

Сўнгра барча қатнашчилар иштирокида саф кўриги ўтказилиб, унда табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар рўй берганда зарур воситалар билан тўлиқ таъминлаш ва фойдаланишга шай ҳолатга келтириш чоралари кўрилди.

Ўқув машғулоти тегишли бошқарув органлари куч ва воситаларини кучайтирилган ҳолатга ўтказиш ҳамда авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмас ишларни олиб боришни ўз ичига олган бир нечта ўқув нуқталарида ўтказилганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.
Ўқув машқининг иккинчи куни давомида режага асосан барча ўқув нуқталарида объект фуқаро муҳофазаси тузилмалари ва ФВДқТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари синовдан ўтказилди.

Шунингдек, таълим муассаларида “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” доирасида “Фуқаро муҳофазаси” куни тадбирлари ўтказилди.
Бундан ташқари, Зарбдор туманининг Тараққиёт маҳалласида “Фуқаро муҳофазаси ва ёнғинлар профилактикаси куни” доирасида маҳалла ҳудудидаги аҳоли яшаш хонадонларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида овқатдан заҳарланиш, қутуриш, қрим-конго геморрагик истимаси касаллиги, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланиш бўйича ҳамкорликдаги хизматлар билан биргаликда профилактик тушунтириш ва тарғибот ишлари амалга оширилди.
– “Фуқаро муҳофазаси ва ёнғинлар профилактикаси куни” доирасидаги тадбирлар Зарбдор туманидаги “Ойбек”, “Нурабод” ва “Шодлик” МФЙ ҳудудида, шу маҳаллалар фуқаролари ҳамда туман “Газтаъминот” бўлими, АТБ “Агробанк” Зарбдор филиали, “Зарбдор Элеватор” АЖ ишчи-хизматчи ходимлари иштирокида шартли зилзила, ёнғин ва бошқа шу каби фавқулодда вазиятлар юзага келган вазиятда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳамда эвакуация ишлари ўқув машқлари ўтказилди, – дейди Жиззах вилоят ФВБ ахборот хизмати раҳбари, капитан Ифтихор Умаров. – Шу кунги тадбирлар давомида 111 нафар шахсий таркиб, 12 та техника ёрдамида 160 нафар фуқаро эвакуация қилинди. Умуман Зарбдор тумани бўйича қўмондонлик-штаб ўқув машқларида 5 та ўқув нуқтасида 1044 нафар шахсий таркиб, 1882 нафар кузатувчи, шунингдек 129 та техника иштирок этди.
Уч кунлик ўқув машқлари Зарбдор туман ҳокимлиги залида атрофлича муҳокама қилиниб, машқлар жараёнида фаоллик кўрсатган қатнашчилар Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Зарбдор туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари