
“Эл-юрт умиди” жамғармаси битирувчилари нетворкинг мулоқотлари тадбири бошланди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан замонавий билим ва илғор хорижий тажрибаларга эга бўлган стипендиатлар билан доимий мулоқотлар олиб бориш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитиш ҳамда муаммоларига ечим топиш Жамғарманинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бундай учрашувлар хорижнинг энг нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олган стипендиатларимиз ўртасида мулоқот майдонини (Networking) янада ривожлантириш, хорижда олган замонавий билим ва тажрибаларини мамлакатимизда татбиқ этиш давомида улар дуч келаётган муаммоларни муҳокама этиш, турли ривожланган давлатларда орттирган билим, кўникма ва тажрибаларини амалиётга жорий этишга хизмат қилади.
Тадбирларда турли интеллектуал ўйинлар, санъат ва давлат арбоблари билан учрашувлар, давра суҳбатлари, миллий либослар кунлари ҳамда асрлар давомида миллий қадриятга айланиб улгурган сумалак сайллари ҳамда ҳайрия тадбирлари ҳам ўрин олади.

2025 йил 4-5 апрель кунлари Тошкент шаҳрида "Замонавий ёшлар мулоқот майдонида" мавзусидаги форум бўлиб ўтади.
Форум давомида вазирлик, идора ва давлат ташкилотлари мутасаддилари иштирокида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларини меҳнат фаолияти давомида эришаётган ютуқларидан келиб чиқиб, раҳбарлик лавозимларига кўтаришга кўмаклашиш мақсадида улар билан очик, мулоқот ўтказиш режалаштирилган.
Форумдан кутиладиган энг муҳим натижалардан бири – бу битирувчи стипендиатларининг вазирлик ва идоралар Инсон ресурслари департаментлари раҳбарлари билан учрашувларидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА