Куни кеча Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳридаги Пахтазор маҳалласида барпо этилган 2 та 7 қаватли жами 84 хонадонга мўлжалланган замонавий уй-жойлар фойдаланишга топширилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 25 миллиард сўмни ташкил этган.
Аҳамиятли томони шундаки, ушбу уйларнинг аксарияти уй-жойга муҳтож оилаларга субсидия ва узоқ муддатли кредит асосида берилди. Шунингдек, тадбиркор томонидан 6 та хонадон эҳтиёжманд оилалар учун ажратилиб, битта хонадоннинг калити ўз эгасига тантанали топширилди. Тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳам иштирок этиб, янги уйларда яшовчи аҳоли хонадонларида бўлди, улар билан суҳбатлашди ва ҳудудда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Қурилиш жараёнида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига қулай ва замонавий шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Уйлар олдида фавворалар, дам олиш ўриндиқлари ва болалар майдончалари барпо этилган. Кўчалар асфальтланиб, пиёдалар йўлаклари қурилган, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган. Манзарали дарахтлар экилиб, яшил майдонлар ташкил этилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида кузатув камералари ҳам ўрнатилган.
Тадбир доирасида “Миржамол Шоҳрух қурилиш савдо” МЧЖ томонидан корхонада ўн йилдан бери самарали фаолият олиб бораётган икки нафар ходимга “Кобальт” автомобили совға қилинди.
[gallery-25352]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбири