Самарқанд – Марказий Осиё цивилизациясининг дурдоналаридан бири бўлиб, унинг тарихий ёдгорликлари бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб этиб келади. Шаҳарнинг қарийб уч минг йиллик тарихини ўзида мужассам этган ёдгорликлардан бири, бу Шоҳи Зиндадир. Тарихчиларнинг аниқлашларича, унинг шаклланиши эрамизнинг XI асрларидан бошланган. Шоҳи Зинда сўзининг маъноси “тирик шоҳ” бўлиб, қарийиб минг йилдан буён бу ном халқ ўртасида яшаб келмоқда. Тарихчиларининг ёзишларича, "тирик шоҳ" – Муҳаммад пайғамбаримизнинг амакиваччаси Қусам ибн Аббосга берилган унвондир.
1220 йили рўй берган мўғул истилоси Шоҳи Зинда мақбараси тақдирида ҳам аянчли роль ўйнади. Муғуллар бу ердаги кўпгина иншоотлар ва қабрларни остин-устун қилиб ташладилар. Аммо, улар ҳам Қусам ибн Аббос қабрига тегишдан чўчидилар. Лекин, қаровсизлик оқибатида бу қабр ҳам анча харобага айланган эди. XIV асрнинг бошларига келиб самарқандлик дин аҳллари ва раҳбарларнинг саъй-ҳаракатлари билан Қусам ибн Аббоснинг қабри устига қайтадан мақбара қурилди, зиёратхона ва чиллахона ҳам қайта таъмирланди.
Самарқанд тахтига Амир Темур ўтиргач Шоҳи Зинда ансамблининг ҳаётида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Соҳибқирон бу ердаги кўпгина, харобага айланган иншоотларнинг ўрнига янгисини қурди, кўпларини қайта таъмирлади, Қусам ибн Аббос қабри устига ҳашаматли қабртош ўрнаттирди. Шунингдек, соҳибқироннинг буйруғи билан бу ерда янги масжид ҳам барпо қилинди. Шу ўринда айтишимиз лозимки, Шоҳи Зинда ансамбли нафақат тарихий-меъморчилик ёдгорлиги, балки, машҳур алломалар, авлиёлар маликалар, лашкарбошиларнинг абадий оромгоҳи ҳамдир. У ердаги ҳар бир мақбара ўзига хос безаклар билан қопланган бўлишига қарамай уларнинг барчаси яхлит бир композицияни, тугал меъморчилик асарини ташкил этади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази маълумотига кўра, қадимий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида “Шоҳи Зинда” медиалойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида мажмуанинг макети тайёрланади, мажмуага виртуал саёҳатни тақдим этувчи медиаконтент ишлаб чиқилади.
Лойиҳа давомида Шоҳи Зинда меъморий мажмуасининг тарихи, унинг таркибидаги обидалар, меъморий безаклари ҳамда эпиграфик ёзувлар ҳақида тўлиқ маълумотлар тақдим этилади. Замонавий технологиялар ёрдамида ушбу бетакрор ёдгорликни визуал кўринишда жонлантириш режалаштирилган бўлиб, бу нафақат сайёҳлар, балки тарих ва санъат ихлосмандлари учун ҳам ноёб имконият яратади.
Ушбу медиалойиҳа миллий маданий меросимизни келажак авлодларга етказишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Шоҳи Зинда мажмуасини янги технологиялар ёрдамида ўрганиш ва тарғиб қилиш орқали унинг тарихий аҳамияти янада ошади ҳамда Ўзбекистоннинг бой маданий мероси кенг оммага тақдим этилади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА