Бугун таълим соҳасига илғор инновацион технологиялар жадал жорий этилмоқда. Бу эса ўқитиш сифати ва мазмунини янада оширишда устувор аҳамият касб этади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида Ўзбекистон ва Озарбайжон республикалари ҳамкорлигида ташкил этилган STEAM инновацион таълим марказининг очилиши юқоридаги фикримизнинг яна бир ёрқин исботидир.
Айтиш керакки, 2 қаватдан иборат бўлган мазкур замонавий STEAM инновацион таълим марказида 9 та лаборатория, учрашувлар учун мўлжалланган ҳамда ўқув хоналари мавжуд.
STEAM таълими табиий фанлар, технология, муҳандислик, санъат ва математикани интеграциялашган ёндашув асосида назарий билимларни амалиётга боғлаган ҳолда реал ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш, ижодий ва танқидий фикрлаш қобилиятларини шакллантириш, илмий-тадқиқот, инновациялар ва технологияларни ўргатиш ҳамда амалий ишланмалар орқали замонавий таълимни ривожлантиришга хизмат қилади.
Бу ерда июнь ойидан бошлаб босқичма-босқич тарзда ёзги инновацион оромгоҳ, иқтидорли мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари учун “Яшил маскан” фестивали, эко тизим учун фойдали стартаплар ҳамда инновацион ишланмалар лойиҳаларини жорий этиш режалаштирилган.
Ушбу марказнинг ҳар бир бурчаги ёшларимизни ижодкорликка, мустақил фикрлашга ва илмга муҳаббат билан ёндашишга чорлайди.
Хусусан, бошланғич таълим лабораториясида мактабгача ва бошланғич синф ўқувчилари учун Matatalab, MTiny, Tinkamo каби ўйинлаштирилган ўқув қурилмалари, шунингдек 3D қаламлар ёрдамида болаларда дастурлашнинг илк босқичлари ва креатив фикрлаш қобилияти ривожлантирилади.
Робототехника лабораториясида LEGO, Arduino, Raspberry, VEXIQ, VEXV5 каби конструкциявий тўпламлар ёрдамида ўқувчиларнинг робототехника ва IQ даражаси ривожлантирилади.
Дастурлаш лабораториясида энг сўнги турдаги компьютерлар ёрдамида Python, Java, C++ каби дастурлаш тиллари орқали алгоритмлар ёрдамида мураккаб масалаларни ечиш имконияти яратилади.
Лойиҳалаштириш лабораториясида муҳандислик ва дизайнерликни уйғунликда қўллаш кўникмаларини шакллантиришга эътибор қаратилади. 3D принтерлар, лазерда кесувчи ускуналар ва мультитехнологик қурилмалар ёрдамида корпус, конструкция ва моделлар яратилади.
Авиасимулятор лабораториясида Virtual Fly SOLO авиасимулятори каби илғор технологияларни қўллаш орқали аэродинамика ва парвоз назарияси ҳамда дронлар ва сунъий йўлдошлар тузилиши ўргатилади.
Виртуал лабораторияда CLASS VR ва XS лаборатория ноутбуклари каби илғор технологияларни қўллаш орқали махсус шароит талаб қиладиган кимёвий ва биологик тажрибалар каби мураккаб соҳаларни хавфсиз муҳитда ўрганиш имконияти яратилади.
[gallery-22953]
Физика ва кимё лабораторияларида замонавий ўлчов асбоблари ёрдамида экспериментлар ўтказиш орқали фанлар ўртасидаги боғлиқликни англаш, илмий қонуниятларни амалиётда қўллаш кўникмалари шаклланади ҳамда интерактив ўқув муҳити шароитида илмий тафаккур ривожланади.
Буларнинг барчаси таълим соҳасидаги жадал янгиланиш жараёнларида ёш авлодга замонавий билим бериш борасидаги эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Н.Усмонова,
Рустам Назарматов (суратлар), ЎзА