Ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида янги спорт иншоотлари барпо этилмоқда.
Фарғона шаҳрининг Ҳувайдо маҳалласи ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг “Ташаббусли спорт” овоз тўплаш лойиҳаси доирасида қурилган замонавий стрит воркаут спорт майдончаси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Тадбирда спорт мактаби вакиллари, нуронийлар, ўқувчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Бу очиқ ҳавода жисмоний машқлар бажариш учун махсус жиҳозланган майдонча бўлиб, унда турли хил турниклар, бруслар, рукояткалар, қурилмалар, спорт анжомлари ўрнатилади.

“Стрит воркаут” (inglizcha street workout — “кўча машқлари”) — бу фитнеснинг бир йўналиши бўлиб, асосан ўз танаси оғирлиги билан машқ қилиш усулига асосланади. Масалан, турникда тортишиш, брусларда кўтарилиш, пресс қилиш, баданни чиниқтирувчи турли машқларни бажариш.

Мазкур майдонча ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шароит яратади.
Н. Раҳмонова, ЎзА