Замонавий автобуслар – "ақлли шаҳар"да қулай ҳаракат гарови (+видео)
Сўнгги йилларда Урганч замонавий “смарт”, яъни “ақлли шаҳар”га айланиб бормоқда. Чунки, жорий этилган «ақлли шаҳар тизими» бу ерда яшаш қулайлашиши учун инфратузилмалар бехато ишлашини таъминлай бошлади.
Сунъий интеллект асосида ишлайдиган ягона тизим эса электр, газ, сув, иссиқлик таъминоти, бошқарув-сервис компаниялари, транспорт, йўл, ободонлаштириш, чиқинди корхоналарини ситуацион марказ билан боғлаб туради. Ҳар бир йўналиш сунъий интеллект асосида таҳлил қилинади.
Вилоят марказида ҳаракатланаётган 400га яқин замонавий автобуслар ҳам автоматлашган тизимда ҳаракатланади.
– Дунё миқёсида транспорт соҳасини рақамлаштириш ва интеллектуал бошқарув технологияларини жорий этиш тенденцияси кенг оммалашиб бормоқда, – дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Темурбек Сотимов. – Мамлакатимизда ҳам ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида бизнинг вилоятимизда ҳам жамоат транспортини модернизация қилиш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугун жамоат транспортини бошқаришда мутлақо янги ёндашув — брутто-шартнома тизимига мувофиқ, ташувчилар ҳаракатларининг самарадорлиги ва сифат кўрсаткичлари автоматлаштирилган тарзда назорат қилиниб борилади. Яъни Шунингдек, автоматлаштирилган диспетчерлик ва назорат тизимлари орқали ҳар бир автобуснинг ҳаракат йўналиши, вақти, йўловчи сони ва техник ҳолати доимий мониторинг қилинади. Транспорт хизмати тарифлари эса “Босиб ўтилган йўл”, “Хизмат кўрсатиш сифати” каби мезонларга асосан шакллантирилиб, шаффофлик ва натижавийликни таъминлайди. Бу эса ҳайдовчи ва ходимлардан алоҳида маҳорат ва малакани талаб этади.
Одатда Урганчнинг серқатнов йўлларида тинмай ҳаракатда бўладиган 160 нафар ҳайдовчи бу гал рульни бир оз четга суриб, ўқув аудиториясига йўл олди. Улар учун назарий ва амалий машғулотлар аралаштирилган, замонавий - интерактив ўқув дастури тайёрланди.
Машғулотлар шаҳар ташиш тизимини янада такомиллаштириш, йўловчилар хавфсизлигини юқори поғонага кўтариш ҳамда ҳайдовчиларнинг касбий маҳоратларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Зеро, жамоат транспорти шаҳар қон томиридек муҳим соҳа. Унинг барқарор ва хавфсиз ишлаши ҳар бир фуқаронинг кундалик турмушига бевосита таъсир қилади.
Тажрибали мутахассислар ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларидаги сўнгги янгиликлар, хавфсизлик стандартлари, хизмат маданияти ва стрессни бошқариш методлари ҳақида батафсил тушунтиришлар беришди.
– Вилоятимизда аҳоли сонининг ўсиши натижасида жамоат транспортига бўлган талаб ва эҳтиёж йил сайин ортмоқда, – дейди “Хоразм йўловчи ташиш мониторинг ва назорат” давлат муассасаси директори ўринбосари Бекзод Зарипов. – Бу эса, ўз навбатида, жамоат транспорти хизмати сифатини ошириш, ҳайдовчилик маданиятини юксалтириш, уларни бугунги давр ва шароитга мослаштиришни тақозо этади. Машғулотлардаги ҳар бир ҳайдовчи фақат автобусни бошқаришга эмас, балки барча йўловчилар хавфсизлиги учун жавобгар шахс сифатида ўз ролини янада чуқур ҳис этмоқда.
Машғулотлар давомида шаҳардаги йўл инфратузилмасидаги ўзгаришлар, камера орқали назорат тизимларининг янгиланиши ва тезкор вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш каби муҳим мавзулар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
– Ҳайдовчиликда 25 йиллик тажрибам бор, – дейди “Бунёд йўловчи ташиш” масъулияти чекланган жамият автобус ҳайдовчиси Зафар Саидов. – Турли транспорт воситаларини бошқарганман. Бироқ ҳозир биз бошқараётган автобуслар замонавий бўлиб, ҳайдовчи ва йўловчилар учун жуда кўп имконият ва қулайликларга эга. Улардан тўғри фойдаланиш учун транспортнинг тузилма ҳамда қурилмаларини тўлиқ ўрганишимиз лозим. Ҳар бир ҳайдовчи ўзини қизиқтирган саволларни бериб, керакли малакани олмоқда. Ўзаро мулоҳазалар алмашмоқдамиз. Бу жараёнлар ўқув муҳитини янада жонли ва самарали қилмоқда.
[gallery-26459]
Очиқ майдонда ўтказилган амалий машғулотлар ҳайдовчилар учун ҳақиқий синов майдонига айланди. Улар махсус белгилар, тўсиқлар ва реал воқеликка яқинлаштирилган вазиятларда ҳаракатланиб, турли кўникмаларини синовдан ўтказишди. Устоз инструкторлар эса ҳар бир хатони бартараф этиш усулларини амалий кўрсатиб беришди.
Хуллас, ўқув-машғулотлар давомида ҳар бир ҳайдовчи нафақат ўз маҳоратини синади, балки янги кўникмаларни ҳам ўзлаштирди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YnADb9zlJn0" title="Zamonaviy avtobuslar – "aqlli shahar"da qulay harakat garovi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА