Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи — Қуръони карим шу ойда нозил бўлган. Ушбу ойда ислом тарихида жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Ушбу ойни ғанимат билиб, иложи борича кўпроқ савобли ишлар ҳамда хайр-саховат қилиш, бева-бечоралар кўнглига хурсандчилик улашиш ва бунинг сабабидан кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз даркор. Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар томонидан рўза тутиш билан бирга, моли маълум даражага етган бўлса, исломнинг учинчи рукни – закот амали ҳам бажарилади. Бу ойда қилинадиган амалларнинг савоби бошқа ойларга нисбатан фазилатлироқ.
Хўш, закот кимларга ва қай тартибда берилади?
Мазкур савол юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази директор ўринбосари Ғуломиддин Холбоев қуйидагиларни маълум қилди.
Закот бериладиган 8 та тоифа инсонлар бор:
1. Фақир – моли нисобга етмаган шахс;
2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши;
3. Закот йиғиш ишида банд бўлганлар;
3. Диллари Исломга ошно қилинувчи ғайри динлар;
4. Мукотаб қуллар;
5. Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши;
6. Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади);
7. Йўлда қолганлар (моли бору ўзи билан бирга эмас);
Юқорида санаб ўтилганлардан икки тоифаси: “диллари Исломга ошно қилинувчилар” ва “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд бўлмаганлиги учун закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган. Демак, закот берувчи закотини қолган олти тоифанинг ҳар бирига ёки баъзисига беришда ихтиёрлидир.
Шунингдек, "Мухтасарул-виқоя" китобида: “Бир кишига закотдан бир кунга етарли, яна ўзгалардан сўрашга ҳожат қолдирмайдиган миқдорда бериш мустаҳабдир”, – дейилган. Бир кун тўлиқ сўрашдан беҳожат бўлиш деганда фақатгина фақирнинг ўзи эмас балки унинг аҳли аёлини ҳам бир кунлик сўрашдан беҳожатлиги ирода қилинган.
Шу ўринда: “Қарзи йўқ фақирга нисоб миқдорича закотдан бериш макруҳдир”, – деган иборани ҳам эслаб ўтишимиз керак. Бунинг мисоли: фаразан нисоб миқдори йигирма миллион деб белгиланган бўлса-ю чиқарадиган закоти йигирма миллионга етса, ана шу суммани қарзи йўқ бир фақирга бериши макруҳ бўлади. Агар фақирни қарзи бўлиб, қарзини адо қилгандан қолган пул нисоб миқдорига етмаса ёки қарздан сўнг ҳеч нарса қолмаса, нисоб миқдорича бериш ҳам жоиз бўлади (“Умдатул фиқҳ” китоби).
– Закотни 2 ёки 3 га бўлиб берса бўладими? Aйтайлик, закот бераётган киши ҳисобидан 1,5 миллион сўм ажратилди. Шуни муҳтожлардан уч кишига 500 минг сўмдан берса бўладими?
– Ҳа, албатта бўлади. Ажратилган закотни бир неча кишига бўлиб бериш жоиз. Аммо закот оз миқдорда бўлса бир синфга, балки бир шахсга берган афзал. Чунки, оз нарсани кўпчиликка тарқатилганда закотдан кўзланган асосий мақсад ҳосил бўлмайди.
– Закотнинг ҳам қазоси бўладими? Бўлса қайси миқдорда берилади?
– Закотнинг ҳам қазоси бўлади. Бунда берилмаган йилларни тахминан ҳисоблаб кўриб нисобга етган бўлса қирқдан бирини закот қилиб чиқарилади.
– Закот беришда закотдан эканини айтиб берган маъқулми ёки билдирмасдан берган афзалми?
– Агар закот олувчи нотўғри тушунмаса, айтиб берган афзал. Ислом шиорларидан бири бўлган закот беришга тарғиб бўлади. Валлоҳу аълам.
ЎзА мухбири
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди