Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги “Қувасой чинниси” кичик саноат зонасида жойлашган “Ellycardin tekstil” масъулияти чекланган жамиятида юз турдан ортиқ аёллар шарф-рўмоллари тайёрланиб, ўнга яқин давлатларга экспорт қилинмоқда.
Ўтган йили 1 миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 2 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.
2022 йили 3 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиши ҳисобига ташкил этилган корхонада 60 та доимий ҳамда 60 та мавсумий иш ўрни яратилган. Туркия технологияси асосида ишловчи корхонада миллий услубдаги, шу билан бирга Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари буюртмаси асосида маҳаллий иқлим шароитига мос шарф ҳамда рўмоллар тайёрланади.
Корхонада туркиялик мутахассис ҳамда маҳаллий дизайнерлар гуруҳи томонидан жаҳон бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, мунтазам равишда янги дизайн нусхаларини яратиш устида изланишлар олиб борилади. Шунингдек, дуал таълим тизими асосида Камбағал оилалар реестрида турувчи хотин-қизлар бепул касб-ҳунарга ўқитилиб, юқори даромадли иш билан таъминланмоқда.
[gallery-22927]
– Истиқболли лойиҳа доирасида яна 3 миллион доллар хорижий инвестицияни киритиш орқали қўшимча бино қуриш, 100 дан зиёд янги иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда, - дейди корхона раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби Машҳура Акрамова. – Бу ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кўпайтириш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/ioTVclGY9ys" title="Yuz turdan ortiq sharf-ro`mollar – eksportga" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат, видео), ЎзА