Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ўз ишини якунлади. Тошкентда деярли бир ҳафта давом этган нуфузли халқаро анжуман парламентлараро мулоқотни, ўзаро ҳамкорлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлида турли мамлакатлар парламент аъзоларини бирлаштиргани билан ёдда қолди.
Ушбу тарихий Ассамблея Ўзбекистон парламенти мезбонлигида муваффақиятли ўтказилди ва унда дунё парламентларидан, халқаро ва кузатувчи ташкилотлардан вакиллар иштирок этди.
Тадбирда 100 дан ортиқ парламент спикерлари ва спикер ўринбосарлари иштирок этгани геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайган бир пайтда парламент дипломатияси анъанавий халқаро муносабатларда муҳим ўрин тутишини кўрсатди.
Нуфузли анжуманда Ўзбекистонга яқин дўст ва ҳамкор давлат бўлган Покистон Ислом Республикаси делегацияси ҳам фаол иштирок этди.
Покистон Ислом Республикаси парламенти Сенати Раиси Юсуф Ризо Ғилони бошчилигидаги делегация, аввало, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро муносабатларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар икки давлат парламентларидаги дўстлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш, ёш парламент аъзолари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, парламент институтлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди.
Ассамблея доирасида интервью берган Покистон Сенати Раиси Юсуф Ризо Ғилони аёлларнинг салоҳиятини ошириш, аёллар, ёшлар роли бугунги кунда дунёда муҳим масалалардан бири эканини таъкидлади.
– Ўзбекистон Президенти томонидан амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар эътирофга муносиб, - деди Покистон парламенти Сенати Раиси. – У мамлакатни ислоҳ қилди. Ассамблея иши юқори савияда ўтказилди. Мен бунинг учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Покистон парламенти аъзоси Фарооқ Ҳамид Найк Ўзбекистон Президенти халқаро масалаларга оид кенг қамровли нутқ сўзлади, бу чиқишни биз юқори баҳолаймиз, деб таъкидлади. Умуман, Ташкентда бўлиб ўтган ассамблея муваффақиятли ўтди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, талабалар, маданият арбоблари, сиёсатчилар ва спортчилар ўртасида алмашинувларни ривожлантириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади. Келгусида ўаро ҳамкорлигимиз янада ривожланишига ишонаман.
Норгул Абдураимова,
ЎзА