
Эссе
Сизни кўриб қолганим жуда забт иш бўлди-да, ака. Ўтган сафар яхши гурунглаша олмагандик. Тушунаман, иш кўп. Бу замонда ким ҳам бекорчи бўларди? Ҳамма банд. Менми? Жиззахдан қайтяпман. Хизмат сафари билан келгандим.
“Фориш” тоғ дала-ўқув майдонига ҳеч борганмисиз? Ажойиб жой-да у ер. Тоғ ёнбағирида жойлашган. Ҳавосини айтмайсизми, мусаффо ва тоза. Дил қувнайди. Тонгни қушларнинг овози билан қарши оласиз. Мовий гумбазда тўп-тўп бўлиб сузиб юрган булутлар ўйинқароқроқ. Истаса қуёшнинг юзини тўсиб олади ёки ёмғир билан ерни аёвсиз савалайди. Лекин баҳори ўзгача. Ҳамма жой яшнаб кетади. Қишми? У ҳам қаттиқ келади. Айтяпман-ку, тоғли ҳудуд деб.
Ана шу жойда бир ҳафта бўлдим.
У ердалигимда бир ҳарбий хизматчи билан танишиб қолдим. Тенгқурим экан. Юраги кенг. Билимли. Албатта, кўп китоб ўқиган. Вақтни бошқарадиган одамлар бўлади-ку, ўшалардай интизомли. Бирсўзли. Армияга келганида 21 ёшда бўлган. Ҳозир Марказий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида бош сержант лавозимида фаолият олиб боряпти...

Тоғлар орасида бир булоқ бор. Ер қаъридан чиқиб келади. Сувини ичсангиз қаймоқдек томоғингиздан юмшоқ ўтади. Кўплар у чашмани шифобахш, деб ҳисоблайди. Қисқаси, Олим Тошқораев билан иккимиз булоқ ёнидаги тош устида ўтириб, гурунглашдик.
– Одамзод ҳеч нарса емаса, атиги бир неча кун яшай олади, – деди у қўлида ушлаб турган идишдаги сувни тепага кўтариб. – Аммо сувсиз кўпга бормайди. Танаси бардош бермас экан.
У думалоқ кўзларини бироз қисиб, ингичка лабларини маҳкам тишлади. Ютинганида кекирдаги бир қимирлаб олди.
– Инсон танасининг тахминан олтмиш фоизини сув ташкил этади, дейишади-ку, – дедим бепарво. Бироқ ундан кўзларимни узмасдим.
Биласиз-ку, суҳбатдошларимни чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиламан. Ҳар бир гап-сўзларига аҳамият қаратиб, ўзини тутишини эслаб қолишга уринаман. Сизними? Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирча йўқ. Ҳамон кузатувимдасиз.
Олимми? У гапларимни эшитмагандек жим ўтирарди.
– Асаб тизими, мия ҳужайраларнинг яхши ишлаши, юрак уриши, ўпка, тернинг қуриши ва нам бўлиши, томирлардаги қоннинг нормал ҳолда оқиши... буларнинг ҳаммаси сув билан бевосита боғлиқ, – дедим гапимни давом эттириб. Чунки бу каби маълумотларни билмасак энди уят бўлар, ака. Айтганча, сиз ҳам эшитгансиз-ку, тўғрими?
Елкаларимни кенг қўйиб юбордим. Кейин қайириб ўтирганимдан увуша бошлаган оёқларимни ҳам узатиб олдим.
– Мусобақаларда иштирок этиш учун кўплаб давлатларда бўлдим, – деди у хира овозда. – Ўшандай кезларда томоғим кўп бор қуриб қоларди. Тўғри, ўша мамлакат сувидан ичардим. Аммо чанқоғим сира ҳам босилмас эди.
У булоқдан ҳовучлаб сув олиб узоқ симирди. Сўнг нам қўллари билан пешонасини ҳам шошмай артди. Шунда қуёшдан қорайган юзига қон югургандек бўлди. Чеҳраси бирдан очилди. Вужуди дафъатан кучга тўлди. Гавдалари ростланиб, кўзлари қайта чақнай бошлади.
– Ўша чанқоқни фақат ўзимиздаги сув боса олади, холос, – деди Олим.
Унинг ҳаракати менга болаларнинг мақтанишига ўхшаб кўринди.
– Ҳамма сув – бир сув, – дедим кулимсираб. – Бирини иккинчисидан ажратиб бўлмайди. Фақат жойдан келиб чиқиб, сувнинг таъми ўзгариши мумкин холос.
Тошқораев индамади. Лекин лабларида синиқ табассум қотиб қолди. Кейин юзини тириштириб олди. Сезардим, нимадандир қаттиқ жаҳли чиқаётганди.
– Таъми ўзгаради, денг, – деди Олим тилга кириб. Аммо ҳамон ўша-ўша кўринишда турибди.
Биздан бир неча чақирим нарида ҳарбий хизматчилар ўқотар қуроллардан нишонларни мўлжалга олаётган эди. Улар босаётган тепки зарбидан автомат стволидан яшнаб отилиб чиқаётган ўқлар овози қулоққа келиб оғир уриляпти.
– Қуролдан узган ўқим ҳеч қачон нишон марказига тегмаган, – дедим мавзуни шу томонга буриб. – Буни айтишга ҳам одам уялади-да. Ахир, биз ҳам шу соҳадамиз.
– Ўқни нишонга теккизишни-ку, ўрганса бўлади, – деди у хира овозда. Кўзларини тўғрига қадаб олган. – Бироқ биз ўйлаган муҳаббатни ҳар қанча ҳаракат қилманг, ўзгалар кўнгилга жойлаб бўлмайдиганга ўхшаяпти.
Тепамиздан нар какликнинг сайраган овози эшитилди. Иккимиз ҳам унинг товушига қулоқ осдик. Кейин:
– Ишқи борлар қалби тириклар саналади, – дедим иршайиб. – Севишни билмасангиз, яшашнинг мазмунини англамабсиз.
Тошқораев ўзини зўрлаб жилмайди. Сўнг:
– Фикрларингиз ҳар доим бир-бирига зидми? – деди.
Устимдан совуқ сув қуйиб юборгандек сергак тортдим. Киши тўшакка узоқ вақт ётиб қолса-ю кейин оёққа турганида танаси қандай қақшайди, ана шундай оғриқни вужудимда ҳис қилаётгандим. Чуқур-чуқур нафас оламану бўғзимдан нарига ўтмайди. Ўпкам ачишади. Кимнингдир қўли томоғимга чунонам чирмашиб олганки, унинг узун-узун бармоқлари орасидан ҳали-бери чиқиб кела олмаслигимни билардим.
Чурқ этмай, бошимни ҳам қилиб, ўтиравердим. Ўзимни айбдордек ҳис қилаяпман. Ичимдан дарз кетганди, ака. Чилпарчин бўлган хаёлларимни тартибга келтиролмай адойи-тамом бўла бошладим. Ишонинг, ҳатто қочиб ҳам кетгим келди. Шундай пайтда бирор ким телефон қилиб, сўрамайди. Тўғри, кимга ҳам керакман? Аммо миянгиздан ўтаётганини тилингизга чиқармасангиз ҳам бўларди...
Кейинми? Иккимиз туриб амалий машғулотлар олиб бораётган ҳалиги ҳарбий хизматчилар олдига йўл олдик. Олим шошмай, бироқ ишонч билан қадам ташлайди. Чап томондан борар эканман, кўз қиримни унга ҳар замонда ташлаб қўяман. Ўртабўйлик, буғдойранг, озғиндан келган, қўллари бақувват. Танасини аямайди шекилли, бўйин томирлари бўртиб чиққан...
– Ҳеч қачон стволдан ўқ чиқишини кутма, – деди Олим мерганлик милтиғидан нишонни кўзлаётган ҳарбийга. – Нафасни олиб, чиқараётганингда тепкини бос. Ортиқча шовқинга сира ҳам аҳамият берма. Тананг милтиқ билан ўзаро боғлансин. Бу ўта муҳим. Ҳамиша эсда сақла.
У менга кўз ташлаб қўйди. Сўнг “ўт оч” командасидан кейин қарс-қурс қилиб йигитлар ўқ узди. Шунда узоқдан иккита какликнинг чийиллаб тепалик ёнбошига қараб учиб кетганини кўрдим.
Биласиз, кўп ҳам одамларни мақтайвермайман. Кимнингдир камчилигини кўрсам шартта юзига айтаман. Ютуғидан эса қалбим равшан тортади. Табиатим шунақа. Бироқ Олим... у менга мукаммалдек кўринди. Тўғри-да, мана-ман деган мусобақаларда ўзини кўрсатиб, рақибини доғда қолдирган. Кучли мерган. Такрорланмас шижоат соҳиби. Ҳатто рекордлар ўрнатган. Қўйсангиз-чи, ака. Нега сизни алдай? Алдаганим йўқ. Яқинда “Мардлик ордени”ни ҳам қўлга киритди. Ўзим гувоҳ. Расмларини кўрдим. Муносиб кўрилган-да. Мендами? Урвоқ ҳам йўқ. Фақат мана шу қаламга эгаман, холос. У ҳам баъзида яхши ёзмаяпти. Тўғри айтасиз, чархлашим керакка ўхшади.
Бироз чалғидим, а?
Олим катта-катта қадам ташлаб олдимга келди. Унинг чеҳраси сокин кўлдек мавжланиб турарди. Кўзлари ҳам порлаяпти.
– Бугун эгизак қизларимнинг туғилган куни, – деди у самимий жилмайиб. – Меҳмонлар қаторида сизни ҳам кўрсак хурсанд бўлардик.
Унинг озғин юзи, қоп-қора кўзларида бахт ялтираб турганини кўрдим.
Иккимиз қўл бериб хушлашдик. Кейин Олим нари кета туриб, жойига таққа тўхтади. Кейин бирдан у ортига қайтиб, рўпарамга шахд билан келди.
– Ўқингиз нишонга бехато тегишини хоҳлайсизми, – деди у.
Тошқораевнинг чеҳрасида безовталик, аллақандай оғриқ бор эди.
– Ким истамайди буни? – дедим. Аммо унинг нигоҳига бардош беролмасдим. Шунинг учун Тошқораевдан кўзларимни олиб қочдим.
– Унда, булоқларингиздан чиқаётган сувни бошқаси билан ҳеч қачон таққосламанг, – деди Олим. Унинг овозида жаҳл бор эди. – У фақат сизники бўлиши керак. Таъмини ҳам ўзгасидан изламанг. Ўққа келадиган бўлсак, кейинги сафар албатта, мерганларнинг муҳим сирини жон деб ўргатаман. Қолганини уйда, дастурхон бошида гаплашамиз. Боринг, кутамиз. Эгизакларимга ҳам айтдим сиз ҳақингизда. Улар хурсанд бўлади...
Йўқ, бормадим. Боролмасдим ҳам. Кейинми? Муштларимни маҳкам қисиб, бўзариб, лоқайд тикилиб турган тоғларга бепарво қарадим. Ичимда эса алам ва оғриқ исён кўтарарди. Ана шу дард билан ётоқ томон қадам ташладим. Ортимда ўша қудуқ, унинг тепасида тоғ чўққилари қора кўланкага айланиб, уларнинг ортидаги осмон тобора олисга чекинаверди.
Бутун вужудим безгак тутгандек титрайди. Хаёлимни банд қилган уйлардан қутулолмасдим. Нимага бўларди? Қачонлардир қудуқларим гапиришидан қаттиқ қўрқаётгандим. Қўйсангиз-чи, ака, кимни алдаяпсиз? Ҳар кимда ўшандайин қудуқлар бор! Эҳтиёт бўлинг, дейман-да. Майли, яна кўришмиз.
Шоҳрух САИДОВ,
капитан, “Ватанпарвар” мухбири.
ЎзА