Ёзувчилар уюшмаси ижодий кенгашлари фаолиятига бағишланган йиғилишлар қаламкашлар асарларини кенг ва атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, уларнинг келгусидаги ишларида янги йўналишларни белгилашда алоҳида ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган Наср кенгаши фаолиятининг 2025 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилишида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин тасдиғини топди.
Унда кенгаш аъзолари, ёшлар иштирок этди.
Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, наср кенгашининг раиси Исажон Султон юртимиз ижодкорлари наср йўналишида ҳам ўтган йили самарали меҳнат қилганини эътироф этди.
Қизғин фикрларга бой тарзда ўтказилган ушбу тадбирда романлар бўйича филология фанлари доктори, профессор, устоз адабиётшунос олим Баҳодир Каримнинг, қиссалар бўйича педагогика фанлари доктори Ғофур Ҳамроевнинг, ҳикоялар бўйича ёзувчи Наргиза Асадованинг маърузалари тингланди.
– Романларда ютуқлар ҳам, камчиликлар ҳам бор, – деди адабиётшунос олим Баҳодир Карим. – Ёзувчилар романни нима учун ёзади? Бу саволга мен ҳам тайин жавоб беролмайман. Билганимда мен ҳам роман ёзган бўлар эдим. Фикримча, роман гўзал бўлиши, ғийбат ва ғурбатлардан йироқ бўлиши керак. Алишер Навоий “қалам ғурбат ва ғийбатни ёзишдан андиша қилади”, дейди. Адибларимизнинг асарлари шу ҳикматга уйғун бўлишини истардим.
[gallery-28083]
– Ҳикоянависликда анъанавий реалистик йўналиш билан бирга чуқур фалсафий маъно-мазмун касб этган, символистик асарлар ҳам борлиги эътиборга молик, – деди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиба Наргиза Асадова. – Ўзбекистоннинг забардаст устоз ижодкорларидан ёшларимиз кўпроқ ўрганиши керак, деб ўйлайман. Шундагина келажакда инсон қалбига таъсир этувчи теран, бадиий баркамол асарлар яратилишига пухта замин яратилади.
Адабий анжуманда эътироф этилганидек, 2025 йил давомида Кенгашга муаллифлардан ўттиздан ортиқ йирик ҳажмли асарлар келиб тушган. Уларнинг аксариятига фикр билдирилиб, зарур ҳолларда таниқли адабиётшунос ҳамда ёзувчилар, Кенгаш аъзолари тақриз ёзиб, ўз фикр ва хулосаларини билдирган.
Ўтган йили ўзбек насри янги асарлар билан бойиди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг “Момақалдироқ остида сайр”, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси”, таниқли ёзувчи Назар Эшонқулнинг “Гирён” номли янги романлари нашр этилгани адабий ҳаётимизда катта ҳодиса бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Хуршид Дўстмуҳаммад, Эврил Туроннинг “Танланган асарлар”и, шунингдек, Хайриддин Султоннинг “Осмони фалакларда”, Мирзапўлат Тошпўлатовнинг “Ойни ахтараётган бола”, Ҳалим Саидовнинг “Туронзамин даҳоси”, Носир Зоҳиднинг “Надомат”, Тўлқин Ҳайитнинг “Қизил соя”, Саидвафо Бобоевнинг “Қилич ва қалқон”, Гулнора Раҳмоннинг “Ёлғиз йўловчи”, Абу Бакр Ўрозовнинг “Тоғларни титратган кун” номли китоблари, Меҳрибон Абдураҳмонованинг “Сайланма”си чоп этилди.
Уюшма томонидан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Назир Сафаров таваллудининг 120 йиллиги, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев таваллудининг 85 йиллиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Ҳожиакбар Шайхов таваллудининг 80 йиллиги, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг 75 ёши кенг нишонланди. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, атоқли ёзувчи Луқмон Бўрихон таваллудининг 60 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Уюшмада наср йўналишида янги китоблар тақдимоти ташкил этилди.
Ўтган йилнинг июль ойида ижодкор ёшларнинг Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказиладиган анъанавий Зомин семинарида ёш носирларнинг катта-кичик ҳажмдаги асарлари Наср Кенгаши аъзолари томонидан ўқиб муҳокама қилинди. Зарурат бўлганда асарларга тақриз ёзилиб, муаллифлар ҳукмига ҳавола этилди. “Биринчи китобим” туркумида чоп этиладиган асарларга ҳам Кенгаш аъзолари фикр-муносабат билан қатнашиб келади. Тожикистонда яшаб ижод қилаётган ўзбек ижодкори Солиҳа Назарнинг “Қалб туғёни” номли ҳикоя ва эсселар китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси асосида “Ватандошлар” жамғармаси томонидан чоп этилди.
2025 йилда ўзбек ёзувчилари халқаро тадбирларда фаол иштирок этди.
8 июлда ТУРКСОЙ ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Оқтовда ўтказилган “Туркий давлатлар ёш ёзувчилари” форумининг проза йўналишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жавлон Жовлиев ғолиб деб топилиб, мукофотланди. 3 декабрда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли қозоқ ёзувчиси Мархабат Байғутнинг “Ким ошди савдоси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Рисолат Ҳайдарова тарихий мавзудаги асарлари, шунингдек, ўзбек-қозоқ адабий алоқаларини мустаҳкамлашдаги самарали фаолияти учун Одил Ёқубов номидаги халқаро адабий мукофот билан тақдирланди.
Ўзбек ёзувчиларининг асарлари хорижий тилларга таржима қилинди. Корея Республикасининг Кемёнг университети профессори Ким Чунг Сун томонидан ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи корейс тилига, Бишкекда қирғиз тилига таржима қилиниб, нашр эттирилди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Клеопатра” романи рус тилига, Эркин Аъзамнинг “Ёзувчининг боғи” асари француз тилига таржимада чоп этилди. Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Хайриддин Султоннинг “Саодат соҳили” китобининг қозоқ тилига таржимаси тақдимоти ўтказилди. Беларусь Республикасининг «Полимя» журналида Рисолат Ҳайдарованинг «Ғурғуртепада саратон» ҳикоялар туркуми беларусь тилига таржимада чоп этилди. Россия ва Беларусь журналларида Ўлмас Умарбеков, Абусаид Кўчимов, Қўчқор Норқобил ҳикоялари чоп этилди.
Ҳисобот йиғилишида фаолият кенг таҳлил қилинди ва якунда жорий йилдаги режалар, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Н.Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари