26 апрель – Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун
Агар ҳаёт бўлганида эди бу йил Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўзининг қутлуғ етмиш ёшини нишонлар эди. Афсуски, шоирнинг умри қисқа экан, ёруғ оламдан эрта кетди.
Муҳаммад Юсуф Аллоҳ берган иқтидор ва истеъдод соҳиби эди. Кўриниши, қалби, юриш-туриши ўзидай содда шоирнинг қалби болалигидан адабиётга, шеъриятга ошуфта эди. Ана шу ошуфталик йиллар давомида ўсди, сайқалланди ва йиллар ўтиб, уни халқнинг суюкли шоирига айлантирди.
Муҳаммад Юсуф ўзбек шеъриятига халқона наволар оҳангини олиб кира олган, камтар, хокисор ижодкордир. Унинг кўринишидан оддий туйилган шеърларида аслида уйғоқ ва безовта туйғулар, дилбар кечинмалар яширинган. Шу боис, шоир шеърларини бефарқ ўқиб бўлмайди.
Эл-юрт ҳурматини топа олган Муҳаммад Юсуф бетакрор шеърлари билан одамларнинг дардини, қалбидаги қувончу шодликларни, халқига, она юртга муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган ўзига хос, бетакрор ижодкор эди.
Кўҳна толбешикдан
Бошланган олам.
Сенга иддаолар
Қилмай севаман.
Бир куни синглим, деб,
Бир куни онам
Ватан,
Кимлигингни
Билмай севаман!..
(“Иқрор” шеъри)
Ватанни ҳеч ким Муҳаммад Юсуфдек ўзгача сева олмайди. Чунки, унинг ижодида, қалб тўридан тўкилган бетакрор сатрларда она Ватанга муҳаббат, уни ардоқлаш, юртпарвар бўлишдек юксак инсоний фазилатлар дилга яқин, гўзал ташбеҳларда тараннум этилади. Ана шу оҳанглар қалбни жунбушга келтиради, юртни янада кучлироқ севишга ундайди.
О, ота маконим.
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам.
Римни алишмасман бедапоянгга.
(“Изҳори дил” шеъри)
Оддийгина таъриф. Лекин гўзал мисраларда она юртга беқиёс меҳр мужассам. Шоирга дунё керакмас, унинг учун дунё бу – туғилиб ўсган қишлоғи, ўз Ватани. У гўзал юрт сарҳадларини, унинг боғу далаларини ҳеч бир бойликка алишмайди.
Шоирнинг Ватан ҳақидаги шеърларини ўқиганимизда қалбимизда юртга ўзгача муҳаббат, ўзгача туйғуни ҳис этамиз. Мисралари содда бўлса-да, самимий, жумлалари баландпарвозликдан йироқ, ташбеҳлари ўзига хос. Шу боис, халқимиз Муҳаммад Юсуф шеърларини жон-дили билан ўқийди:
Ватан –
Юрагимнинг
Олампаноҳи,
Бу дунё
Букри бир
Жийдангнинг шоҳи!
Кўзим ёши билан
Суғориб гоҳи,
Кўксимда ўстирган
Гулдай севаман.
(“Изҳори дил” шеъри)
Шоирнинг шеърларида шундай таърифу ташбеҳлар учрайдики, ана шу мисраларни ўқиган китобхон беихтиёр уни хиргойи қилиб юборади. Шоирнинг гоҳ райҳонни, гоҳ жайронни, гоҳида эса ялпизни ўзига энг яқин дўст сифатида, эрка кийиклару лолақизғалдоқларни тараннум этгувчи мисралари ҳар қандай ўқувчини беихтиёр сеҳрлаб қўяди.
Муҳаммад Юсуф шеърлари халқона тилда яратилганлиги боис, у ҳар бир ўзбекнинг эътиборини торта олади. Шоир сингари табиат билан, қушлар билан, қўйингки, турли жонзотлар билан шеърий сатрлар ила тиллаша оладиган, сирлашадиган шоир бўлмаган. У оддийгина сўзлардан жозибадор ва маънодор шеърларни ярата олган.
Содда ва гўзал мисралари билан халқ ҳурмати ва эҳтиромини топган шоир бугун орамизда йўқ бўлса-да, унинг номи, ижоди тилларда достон, шеърлари эса минглаб қалбларга қувонч, самимият, маънавий гўзаллик улашаётгани ҳақиқат.
Яратган суйган бандасини элга суюкли қилади, қалбига бошқалар кўра олмайдиган, илғай олмайдиган туйғуларни солади. Шу ўринда Муҳаммад Юсуфга ҳам ана шундай улуғ неъмат ато этилганмикан, деган хаёлларга борасан, киши. Чунки у ўзининг эрта ўлимини гўё олдиндан билгандай. У “Менинг дардим” шеърида шундай ёзади:
Тузалмайди дардим менинг,
Ўлсам керак.
Тупроқ билан оға-ини
Бўлсам керак.
Ўлим нима? Бу ҳам битта
Сайр, Она.
Ўғлинг қаро ерга кетди,
Хайр она…
Шоир вафотидан сўнг марҳаматликлар, шоирнинг ҳамқишлоқлари у билан ифтихор қилибгина қолмай, шоир хотирасини улуғлаш, номини абадийлаштириш баробарида ҳам эътиборга молик ишларни амалга оширди. Жумладан, Қовунчи маҳалласидаги, шоир хонадони, у таҳсил олган мактабда музей ташкил этилиб, шоир ҳаёти, ижодига оид жиҳозлар, кўргазмали воситалар, китоблари билан безатилди. Шоир дафн этилган Ғиштмозор қабристони ободонлаштирилиб, шоирнинг бюсти ўрнатилди.
Ҳар йили апрель ойида Марҳамат, айниқса, Қовунчи қишлоғи адабиёт, шеърият мухлислари билан гавжум бўлади. Нафақат Андижон, балки қўшни Фарғона, Наманган, республикамизнинг турли вилоятларидан шоир ижодининг мухлислари ташриф буюриб, шеърият кечалари, мушоиралар ўтказилиши анъанага айланган.
– Россияда одатга айланган шундай анъана бор, – дейди марҳаматнинг зиёли инсонларидан бири Ортиқали Ҳусанов. – Ҳар йили рус халқининг улуғ шоири Александр Пушкин туғилган куни шеърият мухлислари шоир ҳайкали олдига келиб, унинг шеъридан ўқийди. Беш-олти киши келиб эшита бошлайди. Яна кимдир шеър ўқийди. Шу тариқа минглаб кишилар тўпланиб, пушкинхонлик кечасига айланади. Энг қизиғи, шеърхонлик ҳеч кимнинг кўрсатмаси ёки ташкилотчилигида ўтмайди. Кечанинг ташкилотчиси халқнинг буюк шоирга бўлган муҳаббати бўлади.
Бугун минглаб адабиёт, шеърият мухлисларининг Муҳаммад Юсуф хотирасини ёд этиш учун унинг қишлоғига, у мангу қўним топган қабристонни зиёрат қилиш учун келишлари анъанага айланганлиги ҳам шоир хотирасига, унинг ижодига бўлган ҳурмат ва муҳаббатнинг намунасидир.
[gallery-17107]
Бугун – шоир таваллуд топган кун Марҳамат, айниқса, Қовунчи қишлоғи шоир ва ёзувчилар, ижодкор ёшлар, адабиёт, шеърият ихлосмандлари билан гавжум бўлади, шеърият байрами ўтказилади. Минглаб одамлар ана шу байрамда иштирок этиш, халқимизнинг севимли, соддадил ва содда тил шоири Муҳаммад Юсуф хотирасини ёд этиш учун келади. Донолар айтганидай, ҳақиқий шоирлар ўлмайди. Ўзидан бетакрор ва ўлмас шеърлар қолдирган Муҳаммад Юсуф ҳам барҳаёт, у юртдошларимиз қалбида мангу яшайди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари