Энергетика соҳасида меҳнат муҳофазаси ва ходимлар учун хавфсиз иш шароитларини таъминлаш масаласи жаҳон миқёсида долзарб аҳамиятга эга. Бу йўналишда тажриба алмашиш, янги ёндашувларни жорий этиш ва касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида халқаро миқёсли учрашувлар ва ўқув дастурлари муҳим ўрин тутади.
Шу мақсадда жорий йилнинг 7 август куни Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл вилоятида жойлашган “Бўстон” пансионатида “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остида халқаро семинар-тренинг ўз ишини бошлади.

Ушбу семинар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасидаги келишувга асосан ташкил этилди. Унда иштирокчилар нафақат соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, балки турли мамлакатлар касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратяпти.
Тадбирда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Бирлашган ва бошланғич касаба уюшмалари вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда. Мазкур ташкилот масъули Нурпеис Бердалиевнинг қайд этишича, семинарни уюштиришда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Энергетика, нефть-газ ҳамда геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг муносиб ҳиссаси бор.

– Энергетика соҳасида меҳнат муҳофазаси талаблари техник жиҳатдан ўта мураккаб ҳисобланади. Хусусан, юқори кучланиш, иссиқлик ва кимёвий таъсирларга оид хавфли омиллар доимий равишда кузатилади. Шу боис бизнинг асосий вазифамиз –ходимлар учун хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини таъминлаш ва уларнинг соғлиғини муҳофаза қилишдир. Семинар доирасида касаба уюшма ҳаракати, меҳнат муносабатлари, хавфсиз иш жойларини яратиш, ижтимоий шерикликни кучайтириш каби масалалар муҳокама этилмоқда. Шунингдек, иштирокчилар учун турли маданий-маърифий дастурлар, спорт мусобақалари ва саёҳатлар ҳам ташкил этиляпти. Тадбирда орттирилган тажриба ва билимлар иштирокчиларнинг келгуси фаолиятида амалий натижалар бериши шубҳасиз, –деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Нурпеис Бердалиев.
Тадбир 13 август куни ўз ишини якунлайди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА