Муносабат

Яқинда нишонлаганимиз, 2025 йилдаги 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни ҳаётимда унутилмас воқеа сифатида муҳрланиб қоладиган бўлди. Президентимиз фармонига кўра, камтарона меҳнатларимиз қадрланиб, “Дўстлик” орденига муносиб кўрилди. Бу юксак мукофотни муҳташам саройда қабул қилиб олар эканман, кўз ўнгимдан ўтган йиллардаги фаолиятим ва ундаги қизиқ воқеалар бирин-кетин видео тасмадек ўтаверди. 

Ўшанда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 20-умумтаълим мактабининг 5-синфида ўқирдим. Тарих фани ўқитувчимиз, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳасанбой Абдуллаев билан учрашув бўлди. Кўкси тўла орден-медалли бу инсон жанг майдонларидаги даҳшатли воқеаларни шу қадар тасвирлаб бердики, кўзларимизда ёш қалқди.

Учрашувдан сўнг шу тадбир тафсилотини ёзиб, почта орқали таҳририятга юбордим. Тез орада “Машъал” газетасида босилиб чиқди. Шу-шу мақола жўнатиб турдим, мени мактабимизнинг мухбири, дейишарди. Гонорар келса, ҳамманинг ҳаваси келарди. Аммо, ўқитувчи бўлишни ният қилардим. Мактабни битиргач, биринчи йили олийгоҳга киролмадим. Шунда ўша пайтдаги мактабимиз директори Саидмурод Каримов кутубхона мудиралигига ишга олди. Китоблар дунёсида яшашнинг завқи бўлакча. Кейинги йили талабаликка қабул қилиндиму, негадир энди журналистика оҳанграбодек ўзига тортарди. Иккинчи йили бошқатдан Тошкент давлат университети – ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетининг сиртқи бўлимига ҳужжат топширдим. Кўп ўтмай туман газетасининг муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, раҳматли Ғуломжон Акбаров таҳририятга ишга таклиф қилди.

Шу тариқа журналистлик фаолиятимни давом эттирдим. Устозим Ғуломжон аканинг ибратли фазилатлари бисёр эди. Ишимиздаги камчиликларни эринмай бирга ўтириб, муҳокама қиларди. Таҳлилий мақолалар ёзишга ўргатарди. Ҳали-ҳамон у кишидан ўрганганларимни амалда қўллайман.

Кейинчалик “Ишчи шарафи”, “Халқ иродаси”, “Диёнат”, “Камолот”, “Бегойим” газеталарида муҳаррирлик қилдим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Фарҳод Йўлчиев, Турғунпўлат Сулаймонов, Маҳмуджон Парпиев, Носиржон Деҳқонов, икки карра “Олтин қалам” соҳиби, раҳматли Шуҳрат Деҳқонов каби соҳа билимдонлари билан бир жамоада ишлаганим, улардан тажриба олганим фаолиятимда асқотди. Шуниси эътиборлики, ҳали олийгоҳни тугатмасимдан, қўлимга диплом тегмасдан газеталарда муҳаррирлик қилдим.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Давр” газетаси муҳаррирлигидан ташқари туман ҳокимлигининг ахборот хизмати тизимида 2019 йилдан буён фаолият олиб бораман. Бу бежиз ташкил этилмагани ўтган беш йилда аён бўлдики, энг тезкор маълумот ва ахборот етказишда муҳим бўлди.

Медиа маконнинг бир вакили сифатида айтсам, ҳозирги ёшларни кўпроқ машҳурликка интилиш қизиқтирмоқда. Масалан, ўзим фаолият олиб бораётган таҳририятга олийгоҳлардан талабалар амалиётга келишади. Аммо, уларни қўлига дарров камера ва микрофон бериш керак. Матн ёзиш, фикр тўплаш асло қизиқтирмайди. Мақола ёзишнику айтмай қўяқолай. Одамларни китоб, газета ўқиш қизиқтирмаяпти. Ҳатто катта меҳнатлар эвазига тайёрланган сиёсий, маънавий-маърифий телекўрсатувларни кўраётганлар ҳам кўп эмас. Ҳамманинг қўлида телефон, шов-шувли хабарларни ўқишса бас...

Журналистлик уч-тўрт йилда етишиб чиқадиган кадрлар сирасига кирмайди, деган бўлардим. Бу касб туғма талант, юракнинг тўридан жой олган муҳаббатли касб, иқтидор ва интилишга асосланган йўналишдир. Бугун газета-журналларнинг кўпи ёпилган, телевидение кўрсатувлари танлаб кўриладиган пайтда дипломли кадрлар қадрсизлангандай. Блогерларнинг аксарияти эса ҳеч қаерда ўқимаган ёки бошқа соҳани эгалари. Муаммо ҳам шунда.

Шахсан мен газетада ишлаб, соҳанинг нонини еб, жамиятда ўрнимни топганман. Шунинг учун газета ўқишга қизиқишим катта. Эсимда, анча йиллар олдин ишдан қайтсам болаларим, “Нима олиб келдингиз”, деса, “Газета олиб келдим”, дердим. Фарзандларим ва набираларим ҳам бугун қўлларига газетанинг янги сонини олишса, ўша кунларнинг ҳосиласими, дейман. Ўзим марказий нашрлардан “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон”, “Ҳуррият”ни, вилоят газеталари – “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда”ни ўқийман. Бу нашрларга йиллик обуна бўлганман ва тахламлари сақланади. Мазкур газеталарни онлайн ҳам кузатиб бораман. Журналистикани ўз ҳолига ташлаб қўйиш фожиадир.

Мана телевидениеда маънавий-маърифий кўрсатувлар кўпайяпти, уларни томоша қилиб, ибрат оладиганлар жуда кўп. Тарихий кинофильмлар ҳам зарур, енгил-елпи кинолар намойиши анча камайган, “бемаза” сериаллар ҳам. Истеъдодларни аниқлаш учун жорий этилган лойиҳалар ҳам қизиқарли. Шундай лойиҳаларни нафақат замонавий қўшиқлар, балки мақом йўналишида ҳам ташкиллаш керак. Одамлар улардан баҳра олади.

Кўп йиллар соҳада турли лавозимларда ишлаган мутахассис сифатида айтаманки, матбуот ҳам жамиятнинг асосий механизмларидан биридир. Уни ўз ҳолига ташлаб бўлмайди. Бу майдон виждонли, уқувли, ҳақни тан оладиган кадрлар жойи. Унга ном қозониш ёки бойлик орттириш учун кирган одамни бир куни шармандалик кутади.

Ёш журналистларга айтардимки, ҳар қандай инсонга, у ким, қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар Ватандан азиз маскан йўқ. Биз шу тупроқда тинч-омон яшаётганимиз, тонгларимиз мусаффо, тунларимиз осудалиги учун ҳам уни ҳимоя қилишда, иллат эмас, зийнат ахтаришга бурчлимиз. Журналистлар ўз чиқишлари билан қайсидир маънода етакчи ҳамдирлар. Халқ журналистга ишонади, ихлос қилади. 34 ёшга қадам қўяётган давлатимиз энди ҳақиқий йўлини топди ва босаётган қадамлари жуда залворли. Унинг тараққиётига ҳисса қўшиш шараф ҳам.

Ўзбек журналистикаси албатта ислоҳотларга муҳтож. Таклифим, бу соҳада ҳам алоҳида ижод мактабларини очиш, ёшларни ўқувчилик давриданоқ тайёрлаб бориш керак. Яна газеталарни сақлаб қолиш учун ҳокимлик ахборот хизматлари раҳбарлари муҳаррирликни ҳам зиммасига олиши зарур. Шунда обуна масаласида муаммо камроқ бўлади.

Зоҳидахон Кенжаева,

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани 

“Давр” газетаси муҳаррири, 

“Дўстлик” ордени соҳибаси. 

ЎзА

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юракнинг тўридан жой олган касб