Бугун эрта тонгдан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида бир гуруҳ вилоят фаоллари, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф қабрини зиёрат қилди, қуръон тиловат қилиниб, унинг хотираси ёдга олинди.
Ўзи ўлса ўлар, сўзи ўлмайди,
Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.
Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,
Юракка кўмилар асл шоирлар…
(Муҳаммад Юсуф).
Ҳа, шоирнинг ўзи ёзганидек, Муҳаммад Юсуф миллионлаб шеърият мухлислари юрагидан жой олган, дилга яқин юзлаб шеърлари қўшиққа айланган бетакрор ижодкор эди. У жисман ўлган бўлса-да, унинг ижоди, шеърияти халқимиз қалбида мудом яшамоқда.
Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф майдонида эл суйган ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 71 йиллигига бағишланиб, “Инсон азиз, хотира муқаддас” деб номланган тадбирда юқоридаги фикрлар айтилди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, адабиёт мухлислари, олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари ўқитувчи, талаба ва ўқувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкор ёшлар иштирок этди.
[gallery-23035]
Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Муҳаммад Юсуф бюсти пойига гулчамбарлар қўйилиб, марҳум шоирга эҳтиром кўрсатилди.
Муҳаммад Юсуф ўз она халқининг юксак орзу-интилишлари, армонлари, эртанги кунга бўлган умид ва ишончини ўз овози, ўз сози билан жўшиб куйлаган. Айниқса, унинг ватанпарварлик, миллатсеварлик мавзусидаги шеърлари ҳар бир ўзбекнинг юрагидан мустаҳкам жой олган.
Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов шоир ҳаёти ва ижоди, айниқса, унинг юртни, юксак инсоний фазилатларни улуғловчи бетакрор сатрлари халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олганлиги, ёшларимизда ватанпарварлик, юртга фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбир ҳақиқий адабиёт, шеърият байрамига айланиб кетди.
Муҳаммад Юсуф номидаги ҳамда Хоразмдаги Огаҳий ижод мактаби ўқувчиларининг адабий чиқишлари, шоир ижодидан ўқилган шеърлар, вилоят театри артистларининг “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” деб номланган саҳна кўринишлари тадбир иштирокчиларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
– Муҳаммад Юсуфнинг серқирра ва бетакрор ижоди жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга, – дейди Андижон давлат университети Филология факультети декани Баҳодир Раҳмонов. – Айниқса, шоир шеърлари тилининг соддалиги, оддий халқ ҳаёти, кечинмалари гўзал ва таъсирли сатрларда баён этилганлиги билан юртдошларимиз қалбига чуқур кириб борган. Бир сўз билан айтганда, Муҳаммад Юсуф ижоди, шеърияти ўзининг халқчиллиги билан ажралиб туради.
Шоирнинг содда, самимий ва рост сўз айтиш иқтидори, айтганда ҳам ҳеч кимга ўхшамайдиган, ўқиганда ёдингизга, куйлаганда тилингизга ўрнашиб, дарров қадрдон бўлиб қоладиган мисралари унинг шеърга илоҳий эътиқод қўйиб яшаганидан нишона.
Тадбирда ижодкор ва ҳаваскор ёшлар томонидан шоир шеърларидан намуналар, шунингдек, санъаткорлар ижросида унинг шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар янгради.
– Муҳаммад Юсуф шеърларини жудаям ёқтираман, деярли уларнинг ҳаммасини ёд олганман, – дейди тадбир иштирокчиси, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Моҳинур Сотволдиева. – Бўлиб ўтаётган тадбир нафақат шоир хотирасини ёд олиш, ижодини тарғиб қилиш, балки Ватанни севиш, ардоқлаш маъносида ҳам ёшларга улкан маънавий ва руҳий озуқа берди.
Муҳаммад Юсуф хотирасига юксак эҳтиром сифатида таваллудининг 71 йиллигига бағишланган бу каби адабий, маънавий-маърифий тадбирлар вилоятдаги меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида, хусусан, шоир туғилиб ўсган Марҳамат туманидаги Қовунчи маҳалласида бўлиб ўтмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари