
“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен хоним бугун Ўзбекистон Бош вазири А.Арипов ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи билан танишди.
Юқори мартабали меҳмонларга буюк султон ва олим Мирзо Улуғбекнинг давлат арбоби ва астроном сифатидаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.
XV асрда бунёд этилган расадхонанинг айни пайтда сақланиб қолган қисми ва музейдаги ноёб ашёлар, қимматли маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Айни пайтда Европа кенгаши ва Европа комиссияси раҳбарлари шаҳардаги бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар билан танишмоқда.
[gallery-22629]
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари