Европадаги атом электр станциялари минтақадаги ноодатий иссиқ сабаб қувватини камайтиришга мажбур бўлмоқда, совутгичдан фойдаланиш миқдори кескин ошгани учун қитъа электр тармоғи жиддий тарангликка учради. "Financial Times" ёзишича, 2025 йил июнь Ғарбий Европада рекорд даражада иссиқ келди. Натижада электр энергияси нархи сезиларли даражада ошди.
Газета "Eurelectric" ассоциациясига таяниб хабар беришича, 23 июнь-3 июль оралиғидаги ҳаддан ташқари иссиқ икки ҳафта давомида ЕИ ҳудудида электр энергиясига умумий талаб ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,5 фоиз, хусусан Испанияда 16 фоиз ортган.
— Иссиқлик тўлқини Европа электр тармоғини синовдан ўтказмоқда, совуткичдан фойдаланиш даражаси ўсяпти, — дейилган ҳисоботда. — Қитъа энергия тизими жорий ёзда кескин таранглашди. Зеро, такрорий жазирама тўлқин электр энергиясига талабни ошириб, электр станцияларида ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйди. Шу билан бирга иссиқ об-ҳаво туфайли баъзи АЭСлар қувватини камайтирди ёки вақтинча ёпилди. Бунинг устига гидроэнергетика тизими фаолияти ҳам сустлашган.
Иссиқ ҳавода реакторларни совутиш қийинлашиши ортидан Франция ва Швейцариядаги АЭСлар ёзда вақтинча ишламади ёки қисман тўхтади. Фаранг диёридаги жами 18 АЭСдан 17 таси июнь-июль ойлари жазирамаси вақтида қувватни қисқартирган.
Май ойида "Рейтер" агентлиги ҳукуматлар ва саноат вакилларига таяниб, тармоқ эскиргани, сақлаш сиғими етарли эмаслиги "яшил энергия" ишлаб чиқаришни ривожлантириш, электрга талаб ортиши асносида ток ўчишининг олдини олиш учун триллионлаб доллар сармоя талаб қилиниши ҳақида ёзганди. Дарвоқе, Европа Иттифоқи электр тармоғи ўтган асрда барпо этилган бўлиб, тизимнинг қарийб ярми 40 йилдан ортиқ фаолият юритмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА