2025-2026 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш бўйича имтиҳон жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Хусусан, 7 июлдан бошлаб касбий (ижодий) имтиҳонлар расмий тарзда бошланди. Ушбу имтиҳонлар санъат, спорт, журналистика, актёрлик, дизайн ва бошқа ижодий йўналишлар бўйича таҳсил олишни истаган абитуриентлар учун муҳим босқич ҳисобланади.
Жорий йил 52 та ОТМда касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиляпти. Ушбу имтиҳонларга оид жумладан, баҳолаш мезонлари, ўтказилиш жойи, санаси каби муҳим янгиликлар ҳар бир олийгоҳнинг расмий саҳифаларида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 июлдаги “Aлоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишларига ўқишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш, абитуриентдан ижодкорлик ва индивидуал маҳорат талаб этиладиган соҳалардаги таълим йўналишларига қабулни адолатли, холис ва шаффоф ўтказиш орқали пухта билимга ега бўлган иқтидорли ёшларнинг ўқишга қабул қилинишини таъминлаш мақсадида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида ҳам 7 июлдан 11 июлгача касбий (ижодий) кириш имтиҳонлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб асосида ташкил этилган мазкур имтиҳонлар 5 кун муддатда ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида жадваллар асосида абитуриентларга қулай шароитлар яратилган ҳолатда ўтказилмоқда.
Имтиҳон жараёнлари адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида кузатув камералари ўрнатилган ва махсус комиссиялар жалб этилган. Натижалар белгиланган муддатларда эълон қилинади. Шунингдек, имтиҳон жараёнлари амалий ҳамда оғзаки шаклда бўлиб ўтди.
Н.Усмонова, ЎзА