Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони билан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри солист-вокалисти Азизхон Латипов "Дўстлик" ордени ва Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри солист-вокалисти Гуласал Раҳмонова "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.
Азизхон Латипов театр репертуаридан ўрин олган қатор спектаклларда етакчи ролларни ижро этган. Жумладан, “Бобур соғинчи” спектаклида Ҳумоюн, “Лайли ва Мажнун”да Навоий, “Тоҳир ва Зуҳра”да Қоработир, “Дилдаги доғ”да Зуроб, “Сойибхўжа операцияси”да Сойибхўжа, “Тўда”да Самандар, “Уйғониш”да ҳоким вакили, “Олифта”да Тоға, “Сарвқомат дилбари”да Бойтемир ва бошқа спектакллар шулар жумласидандир.
У театр санъати билан бир қаторда кино санъатига ҳам муносиб ҳисса қўшган. Жумладан, “Ўткинчи бахт”да ички ишлар ходими Нодир, “Ромео ва Жулетта”да қўриқчи Мансур, “Меҳр”да Расул, “Қор ёғмоқда оппоқ, беғубор”да шифокор каби фильмларда ҳамда “Турмуш чорраҳалари”, “Оталар сўзи- ақлнинг кўзи”, “Кунларнинг бирида” кўрсатувларида мунтазам равишда ролларни маҳорат билан ижро этиб келмоқда.
Гуласал Раҳмонова театрдаги фаолияти давомида “Тўмарис”да Адата, “Ўтган кунлар”да Зайнаб, “Аршин молчи”да Осиё, “Хонума”да Сона, “Бахши”да Тожихон, “Қайнона”да Офат, “Тоҳир ва Зуҳра”да Моҳим, “Матонат”да Зулхумор, “Ақлдан озиш ҳеч гапмас”да Гули, “Оёнам-қайнонам”да Маша, “Суперқайнона”да Сурайё, “Осмондаги Ҳулкарим”да Дилбар, “Осмонга сиғмаган қуш” эстрада юлдузи, “Паривашга парвонаман”да Париваш, “Антиқа совчилар”да Наргиза, “Айёргина аёллар” спектаклида Гули “Жадидлар”да Марям, “Майсаранинг иши”да Ойхон сингари етакчи ролларни ижро этган.
Гуласал Раҳмонова Ўзбекистон Республикаси давлат тадбирларида мунтазам равишда иштирок этиб келади. Сирдарё вилоятида ўтказилган “Бахшичилик” (2023), Хоразм вилоятида ўтказилган “Лазги” (2024), Бухоро вилоятида ўтказилган “Заргарлик” (2024), Жиззах вилоятида ўтказилган “Мақом санъати” (2024), Самарқанд вилоятида “Шарқ тароналари” (2024) фестивалларида бошловчи сифатида ўз маҳоратини кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, Гуласал Раҳмонова чет эл давлатларида ўтказилган “Ўзбекистон маданият кунлари”да бошловчилик маҳорати билан Қатар, Озарбайжон, Грузия, Туркия, Туркманистон давлатларида бўлиб, юртимиз саҳна маданиятини тарғиб этиб келмоқда.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/3eAmPtNcYwk?si=pDjZ7xA840towR3A" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА