Бугун Фарғона вилояти Ёзёвон тумани "Юқори Сойбўйи" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида қурилиш ишлари қизғин паллага кирган.
Катта автомагистраль йўли ёқасида қад ростлаётган кўп қаватли турар-жой ва маиший бинолар ўтган-кетганнинг ҳайратига сабаб бўлмоқда. Саратоннинг жазирама иссиғига қарамай меҳнат қилаётган қурувчилар матонати эса таҳсинга сазовор.
Белгиланган режага кўра, массивда жами 5 ва 7 қаватли 138 турар-жой бинолари қурилиб, 3 минг 856 хонадон калитлари фуқароларга топширилиши керак. Шу кунгача жами 116 уй тўлиқ битказилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йил охиригача яна 216 хонадон битказилади. Бундан ташқари, янги шаҳарчада маданият саройи, битта мактаб ва иккита боғча, поликлиника, хизмат кўрсатиш ва савдо марказлари қуриш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган.


– Барча қурилиш ишлари масъуллар ва тегишли ташкилотлар томонидан қатъий назоратга олинган. Биноларнинг пишиқ-пухта, мустаҳкам ва чиройли қилиб қурилиши – давр талаби. Қурилиш соҳасига оид ҳукумат қарорлари, янгича меъёрлар, шунингдек, истеъмолчиларнинг истаги ҳам шуни тақозо қилади, – дейди “Фар уч Бинокор Элит” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зоҳиджон Турсунов.
Мутахассисларнинг айтишича, бу ҳудудда ер ости сизот сувлари яқин жойлашган. Шунинг учун ҳар бир бинонинг дастлабки фундаментидаёқ мустаҳкамликка эътибор бериш зарур. Пойдевор изоляцияси – ҳимоя қатлами сифатли бажарилса, иншоотлар умрбоқийлиги таъминланган бўлади.


– Бу ерда қурилиш кўлами жуда катта. Шундай бўлишига қарамай, қурувчиларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишлари доимий назоратимизда. Иш бошқарувчилар, мутахассислар, техникларга янги низом, қурилиш стандарти талаблари тушунтириб борилмоқда. Шунга қарамай, 20 га яқин ҳолатда қурилиш талаблари бузилишига йўл қўйилгани аниқланиб, бузиб қайта қуриш бўйича кўрсатмалар берилди.
Техника хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда, – дейди Фарғона вилояти қурилиш, уй-жой, коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бош инспектори Фахриддин Кожобеков. – Иншоотларнинг зилзилабардошлиги, энергия тежамкорлиги, ишлатилаётган материаллар сифати алоҳида эътиборимизда. Муҳим жиҳати шуки, “Янги Ўзбекистон” массивида қурилаётган бинолар томига қуёш сув иситиш коллекторлари, қуёш электр панеллари ўрнатилмоқда. Бунинг натижасида бутун уй-жойда фойдаланиладиган иссиқ сувнинг 25 фоизи, электр энергиясининг 10-15 фоизи таъминланади. Шунингдек, бинолар фасад қисми базальт қоплама билан қопланиши, сэндвич панелдан тайёрланган эшик-ромлар хонадонларнинг қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди.


– Қуриб битказилган уйдан яхши ниятлар билан уч хонали хонадон сотиб олдим. Банкдан имтиёзли кредит ҳам беришди. Барча шароитлари бор, шаҳардаги уйлардан ўтса ўтадики, қолишмайди. Фарзандларим, оила аъзоларимнинг қувончи чексиз, – дейди Дилмуроджон Қодиров. – Кўпчилик бу яйдоқ ҳудудда кўркам шаҳарча бўлишига ишонгиси келмаган. Кўп йиллик қурувчи сифатида айта оламанки, бу ерда қад ростлаётган иншоотлар ҳар томонлама пишиқ-пухта, мустаҳкам ва замонавий архитектура меъёрлари асосида қуриб битказиляпти. Электр, сув, газ линиялари тортилган, оқава сув тармоғи – канализация барпо этилмоқда. Бир неча йилдан сўнг бу ер гавжум шаҳарчага айланади. Халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлигига ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз, – дейди “Марғилон Бинокор қурилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қобилжон Сотволдиев.
Бир сўз билан айтганда, замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида бунёд этилаётган мазкур мажмуа юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги намунаси сифатида тарих зарварақларига ёзилажак. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида кўкка бўй чўзаётган бундай массивлар қалбларга фахр ифтихор бағишлайди.
М.Сулаймонов, ЎзА