Мамлакатимизда мактаб таълими тизимини янги босқичга олиб чиқиш, бу борада самарадорликка эришиш устувор вазифалардан бири саналади.
Жорий йилнинг май ойида мазкур масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида сўз юритиб, болажонларнинг ёзга таътил даврини мазмунли ташкил этишда маданий-маърифий марказлар, спорт-соғломлаштириш масканлари имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш лозимлигини қайд этган эди.
Хўш, юртимизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида жорий этилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида оммавий спорт мусобақалари сони қанчани ташкил этди-ю, унинг қамрови қандай кўринишга эга бўлди?

Спорт вазирлиги Оммавий спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шерзод Олимов бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.
–Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрда имзоланган “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва «Workоut» спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурида ёзги таътил даврида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ёзги таътилни спорт билан ўтказамиз!” шиори остида мусобақалар ўтказиш белгиланган.

Жорий йилнинг июль-август ойлари давомида Спорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мазкур шиор остида ўқувчиларни спортга кенг жалб этиш мақсадида 254 та спорт мактабларида оммавий соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди. Уларга 58 минг нафар ўқувчи жалб этилди. Шунингдек, 189 та “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” номли спорт мусобақалари ташкил этилиб, 11 минг нафар ўқувчи қамраб олинди.
Бундан ташқари, “Ёз – 2025” лойиҳаси доирасида мактабларда ўтказилган 3 минг 759 та спорт мусобақаларида 192 минг нафар ўқувчиларнинг иштироки таъминланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА