Юртимизда июль ёзнинг бошқа ойларига нисбатан иссиқ кечади. Сўнгги йилларда иқлим ўзгаришлари сабабли бу даврда ҳатто аномал иссиқ ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳароратнинг кескин кўтарилиши, кўп жойларда 45 даражагача иссиқ бўлиши инсонга шунчаки ноқулайлик туғдириб қолмай, соғлиқ учун ҳам хавфли ҳисобланади.
Июль ойининг бошларида ҳам юртимиз бўйлаб аномал иссиқ кузатилган эди. Ушбу даврда тез ёрдам хизматига 247 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бугундан бошлаб яна иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. “Ўзгидромет” маълумотларига кўра, янги иссиқлик тўлқини 19 июлга қадар давом этади.
Орамизда “мен соғломман”, “мен ёшман”, “мен пишиқман” деган фикрлар билан иссиқни жиддий қабул қилмайдиганлар ҳам бор. Аммо мутахассисларнинг сўзларига кўра, бундай ҳароратда организмга тушадиган юклама фақат кекса ёки беморлар эмас, балки соғлом инсонлар учун ҳам хавфли бўлиши мумкин.
Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари бу кунларда аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга чақирмоқда.
– Жазирама, айниқса, юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатади. Бундай пайтда инсоннинг юрак уриши тезлашиб, қон босими кўтарилади. Шунингдек, организм ҳароратни меъёрда сақлаш учун кўпроқ энергия сарфлайди. Оқибатда инсон кучли терлайди. Бу эса тананинг сувсизланиш хавфини янада оширади. Шу сабабли иссиқ ҳавода бир қанча эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Экологик дипломатия бўлими бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов.
Куннинг энг хавфли 4 соати, яъни 12:00 дан 16:00 гача бўлган вақт оралиғида ҳаво нафақат иссиқ, балки инсон организмига энг таъсир қилувчи босимни беради. Агар бу вақтда кўчага чиқиш шарт бўлса, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш, имкон қадар соя жойлардан юриш ва албатта, газланмаган, ширин бўлмаган оддий ичимлик суви олиб юриш тавсия этилади.
Шунингдек, уй шароитида ҳам иссиққа қарши чоралар кўриш муҳим. Кундузи қуёш тушадиган томондаги деразаларни ёпиб қўйиш керак, кечқурун ёки тонгда хона ҳавосини шамоллатиш, кир ювиш машинаси каби иссиқлик чиқарувчи ускуналарни фақат кечга қолдириш керак.
Иссиқ кунларда синтетик матодан тикилган, тор ва қора рангли кийимлар ноқулайлик туғдириш билан бирга, саломатлик учун ҳам зарарлидир. Шу боис, мутахассислар енгил, табиий матодан тикилган, кенг ва оч рангли кийимлар, бош учун кенг соябонли шляпа, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнакларни тавсия этади.
Биласизми, танада сув етарли бўлмаса, қон қуюқлашади, ҳарорат назорати издан чиқади, юрак тез уради, ҳолсизлик, бош айланиши ва ҳатто юрак хуружи эҳтимоли пайдо бўлади. Бунинг олдини олиш учун ҳар 30-60 дақиқада 1-2 стакан сув ичиш тавсия этилади.
Ҳаттоки, жисмоний фаоллик фақат салқин хоналарда амалга оширилиши керак. Очиқ ҳавода югуриш ёки машқ қилиш организмни сувсизлантириши ва чарчатиши мумкин экан. Имкони бўлса, кондиционерли ёпиқ залда шуғулланиш, машғулотдан олдин ва кейин сув ичиш, бош айланиши, кўнгил айниши бўлса, машқни тўхтатиш ва энг муҳими, сурункали касалликлар бор бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиш шарт.
Бир қарашда оддий аммо соғлиғимиз учун фойдали бўлган ушбу тавсияларга амал қилиш ёзнинг жазирама кунларида, айниқса, болалар, кексалар ва ҳомиладорлар учун жуда муҳимдир.
М.Қосимова тайёрлади, ЎзА