Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти модели – UWED MUNнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Мулоқотдан амалиётга: бўлиниш даврида ёшлар овози орқали глобал бошқарувни қайта талқин қилиш” мавзуида ташкил этилган конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев очиб берди. Ёшларнинг замонавий дипломатия жараёнларидаги фаол ўрни, уларнинг глобал муаммоларни ҳал қилишга қўшаётган ҳиссаси ҳақида сўз юритди.
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Вон До Ён, UNICEFнинг Ўзбекистондаги вакили Реҳина Мария, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Тойво Клаар ёшларнинг глобал чақириқларга қарши курашдаги роли, уларнинг иқлим ўзгариши, инсон ҳуқуқлари, барқарор тараққиёт ва халқаро тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳиссаси ҳақида фикр билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Лазиз Караев Ўзбекистон ва БМТ муносабатлари ҳақида тўхталиб ўтди. Ўз нутқида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференцияси юртимиз дипломатиясининг сўнгги йиллардаги энг катта ютуқларидан бири бўлганини маълум қилди.
Таъкидланганидек, ёшларнинг глобал жараёнларда фаол иштироки, уларнинг креатив фикрлаши ва масъулиятли позицияси бугунги халқаро ҳамкорликнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланган.
Меҳмонлар Содиқ Сафоев бошчилигида талабалар томонидан ташкил этилган кўргазмага ташриф буюрди. Кўргазмада талабаларнинг санъат асарлари, расмлар ҳамда миллий рақслар намойиш этилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/G4vzkg-pJj4" title="Yoshlarning zamonaviy diplomatiya jarayonlaridagi faolligi oshmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гулноза Бобоева,
Дониёр Ёқубов(видео),
Ўктам Ҳайитов(сурат),
ЎзА