Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, муносиб даромад олиши учун қўшимча шарт-шароит яратиш борасида Сардоба туманида ҳам муҳим ҳаракатлар бошланди.
Аввалига туманда ишсиз бўлган, олий, ўрта махсус, ўрта маълумотли 522 нафар битирувчи ёшнинг рўйхати шакллантирилди.
Мавжуд катта ва кичик корхоналар, агрокластер, фермер хўжаликлари, давлат ва нодавлат муассасаларидаги бўш иш ўринлари сони ҳисоблаб чиқилиб, ёшларнинг маълум бир қисми ана шу бўш иш ўринларида ишлаш учун йўналтирилди. Қолган ёшларнинг эса қўшимча даромад олиши, рўзғорларига бирон бир наф келтирадиган иш фаолияти билан шуғулланиши учун тумандаги мавжуд имкониятлар сарҳисоб қилинди. Шунга яраша, улар билдирган таклиф, ташаббуслар тингланиб, йўлга қуйиш учун грант ва субсидия ажратиш бўйича ишлар йўлга қўйилди.

Сардобада бўлиб ўтган ёшлар ва сектор раҳбарлари учрашувида бу борада олиб борилиши муҳим бўлган ишларга тўхталиб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Муқим бир иш жойига эга бўлмаган, ишсиз ёшлар муаммолари, таклифлари тингланди. Ҳал қилса бўладиган креатив ғоя, таклиф ва ташаббуслар инобатга олиниб, бандлик дастурига киритилди.

Бу ишсиз ёшларни иш билан таъминлашга ёрдам берибгина қолмай, улар даромадининг ортишига, ишсиз ёшлар сонининг қисқаришига сабаб бўлишлиги учрашувда таъкидланди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири