Бухоро инновациялар университетининг Сирдарё вилоят филиалида O'zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгашининг ташаббуси билан “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди. Унда вилоятдаги йирик давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, партия фаоллари, тадбиркорлар, ОАВ ва олий таълим даргоҳлари талабалари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишларининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, бунда сиёсий партиялар ёшлар салоҳиятини ошириш, уларни давлат ва партия бошқаруви соҳаларига тайёрлашда муҳим роль ўйнаши кераклигини таъкидлашди.

O'zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Элёр Жўраевнинг сўзларига кўра, “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси ёшларни сиёсий жараёнларга фаол жалб қилиш, лидерлик ва ташаббускорлик қобилиятларини ривожлантириш, партиявий ва давлат бошқаруви соҳаларида амалий тажриба орттиришларга қаратилган.
– Бу лойиҳа орқали ёшлар замонавий тафаккурга эга, билимли, ташаббускор ва ватанпарвар етакчи сифатида шаклланади. Шу билан бирга, у сиёсий ва давлат бошқаруви тизимида фаолият юритишга қодир кадрлар захирасини яратиш, назарий билимларни амалий кўникмалар билан бойитиш ҳамда лидерлик ва коммуникация соҳасида тажриба орттириш имконини беради, – дейди Элёр Жўраев.

Тадбир давомида мамлакатимизда ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Шунингдек, талабаларга берилаётган имкониятлар ва уларнинг келгусидаги режалари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир сўнгида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга ташкилотчилар томонидан тўлақонли жавоблар олишди ва олинган билим ва кўникмалар уларнинг профессионал ва сиёсий фаолиятида муҳим таянч бўлиши шубҳасиз.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири