ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида Ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўқитиш маркази иш бошлади.
Мазкур марказ БМТнинг Тараққиёт дастури ва Япония давлат гранти кўмагида ҳаётга татбиқ этилди. Ушбу лойиҳа учун 50 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилган. Ҳозирда марказ замонавий компьютерлар, тезкор интернет тармоқлари ва ўқув жиҳозлари билан тўлиқ жиҳозланган ҳолда ёшларга хизмат кўрсата бошлади.
Гулшаной Сайдаҳмедова туманнинг Қумариқ маҳалласида яшайди. Ҳозирда Фарғона давлат техника университетининг 2-курс талабаси. Бир вақтнинг ўзида у она ва меҳрибон оила бекаси ҳамдир. Аммо бу вазифа уни ўз устида ишлашдан, янги касб эгаллашдан, замонавий билимларни ўзлаштиришдан тўсмаган.
– Мен бу ерда график дизайнерлик курсида ўқияпман, - дейди Гулшаной. – Илгари бу соҳага қизиқардим, лекин унинг сир-асрорларини ўрганишга имкон бўлмаган эди. Марказ ўз устимда ишлашим учун фойдали манзил бўлди. Бу нафақат ўзим, балки оилам, фарзандларим учун ҳам илҳом манбаидир. Мен каби хотин-қизлар учун бундай курслар айни муддао.
[gallery-24638]
Марказ фаолияти нафақат техник кўникмаларни, балки ёшларда мустақил фикрлаш, инновацион ёндашув ва жамоавий ишлаш салоҳиятини ҳам шакллантирмоқда. Ахборот технологиялари ва хорижий тиллар каби соҳаларга тааллуқли таълим – бу фақат билим эмас, балки келажакни ўз қўли билан қуриш имкониятидир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА