Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “GDG Tashkent DevFest 2025” доирасида замонавий таълим ва технологиялар соҳасида муҳим воқеа рўй берди.
Coursera билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро онлайн платформа орқали юқори натижаларга эришган ўзбекистонлик ёшлар тантанали равишда эътироф этилди. Маросимда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, ёшларимизнинг меҳнатини эътироф этиб, мамлакатимизда рақамли кўникмаларни ривожлантириш ва онлайн таълим имкониятларини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар самарасини таъкидлади.


Ёшларимиз нафақат билим олишда, балки уни амалга татбиқ этишда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Тақдирланганлар қаторида:
Муслима Ахмедова — дастурлаш йўналишидаги ютуқлари учун;
Ясмина Маъруфова — барқарор ўқиш интилиши учун;
Арман Маннопов — Data йўналишидаги фаол иштироки учун;
Асадбек Абдунабиев — сунъий интеллект бўйича чуқур билим ва амалиёти учун;
Даулетёр Калилаев — бир неча йўналишларда тез суръатларда ўсиши учун муносиб рағбатлантирилди.

Бу тадбир фақат мукофотлаш маросими эмас, балки ёшларнинг билимга садоқати, интилиши ва илҳоми намоён бўлган кун бўлди. Қўлга киритилган натижалар шуни кўрсатадики, ёшларимиз олган билим ва кўникмаларини нафақат шахсий ривожланиш, балки жамият ва давлат манфаати йўлида қўллашга тайёр. Бу ютуқлар — келажакда инновацион ғоялар, стартаплар ва илғор технологиялар билан жамиятга ҳисса қўшишнинг муҳим пойдевори ҳисобланади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА