Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз давлат педагогика институтида ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очадиган яна бир муҳим лойиҳа – “Ёшлар маркази” янги бинода фаолият бошлади.
Янги марказ институт ташаббуси билан ташкил этилиб, ёшларнинг замонавий касб-ҳунарга йўналтирилган кўникмаларини шакллантириш, уларни бандлик билан таъминлаш ва рақобатбардош мутахассислар қилиб тайёрлашни мақсад қилган. Марказ қурилишига жами 10 миллиард сўм маблағ сарфланган бўлиб, бу маблағ институтнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан молиялаштирилди.
Замонавий архитектура асосида барпо этилган 3 қаватли бинода кутубхона, конференция зали, медиа студия ҳамда замонавий интерактив доскалар билан жиҳозланган ўқув хоналари мавжуд.
“Ёшлар маркази” ахборот технологиялари ва дастурлаш курслари – Python, Java, Web каби дастурлаш йўналишларида чуқурлаштирилган машғулотлар ташкил этилиб, талаба-ёшлар ва уюшмаган ёшлар жалб этилиши мақсад қилинган.
Инглиз, рус, корейс ва бошқа хорижий тиллар бўйича интенсив курслар орқали тил ўрганиш салоҳияти оширилади.
Касб-ҳунар ўргатиш курсларида ҳудуддаги уюшмаган ёшлар учун ҳунармандчилик, компьютер саводхонлиги каби амалий йўналишларда таълим берилади.
Тадбиркорлик ва стартап лойиҳаларини ривожлантириш бизнес режа тузиш, маркетинг асослари, молиявий саводхонлик каби мавзуларда тренинглар ўтказилиб, ёшлар орасида тадбиркорлик маданияти шакллантирилади.
Шунингдек, марказ базасида институтнинг “Технологик таълим” йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун амалиёт майдони яратилган бўлиб, бу назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлашга хизмат қилади.
[gallery-22963]
Марказнинг яна бир инновацион йўналиши – виртуал туризм лойиҳаси бўлиб, Шаҳрисабзнинг бой тарихий ва маданий меросини рақамлаштириш, уни глобал миқёсда тарғиб қилиш мақсад қилинган.
Ушбу ташаббус Президент томонидан илгари сурилган “Ёшлар – келажагимиз” концепцияси доирасида амалга оширилган бўлиб, ёшларнинг замонавий касбларга йўналтирилиши, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири