Навоий вилояти Учқудуқ туманида “Ёшлар ва спорт” фестивали доирасида “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилди.
Ёшлар ҳақида гап кетганида уларга нисбатан “Ёшлар келажагимиз”, “Улар эртанги кунимиз эгалари, давомчиларимиз”, дея таърифу тавсиф берамиз. Дарҳақиқат шундай. Бугунги кунда уларнинг ҳар томонлама камолга етиши учун давлатимиз томонидан барча шароит ва қулайликлар яратиб берилмоқда. Хуллас, ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Жорий йилнинг 14 февралида ёшлар билан мулоқот қилган давлатимиз раҳбари эртамиз эгаларига жуда катта ишонч билдириб, бир қатор муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақаларининг ўтказилишидир.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини янада оширишга қаратилган мазкур мусобақаларда учқудуқлик ёшлар ҳам фаол иштирок этди.
Дастлаб 5000 қадам юриш ва бадантарбия машғулотлари билан бошланган беллашувлар кун бўйи давом этди.

Фестиваль доирасида 3-, 7-, 18- ва 20-умумтаълим мактабларида ўтказилган мини футбол, волейбол, “Қувноқ стартлар”, “Отам, онам ва мен спортчилар оиласи” мусобақалари ўтказилди. Уларда ёшлар катта қизиқиш ва иштиёқ билан иштирок этди.

Айниқса, ҳарбий қисмда бўлиб ўтган милтиқдан ўқ отиш, автоматни тез йиғиш, турникка тортилиш сингари ўнлаб беллашувларда ўғил-қизларимиз ўзларининг эпчиллик ва чаққонлигини намойиш этди. Ҳар бир спорт турида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.


Таъкидлаш ўринлики, илк бор ўтказилаётган “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақалари ёшларимиз учун нафақат жисмоний тайёргарлик синови, балки ватанпарварлик, жасорат ва жамоавийлик руҳини мустаҳкамловчи катта мактабга айланади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири