Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Ражабов “Пайшанба – Ёшлар куни” муносабати билан ташаббускор ва фаол ёшлар билан учрашди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айнан шу мақсадда ижтимоий ҳимоя тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолининг барча қатламларига, айниқса, ёшларга кенг имкониятлар яратилмоқда.

Учрашув давомида ёшларнинг инновацион ғоялари, ижтимоий аҳамиятга эга ташаббуслари ва уларни амалиётга жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун мобиль иловалар яратиш, рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда масофавий таълимни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдим этилди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда инклюзив таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда барча учун тенг таълим имкониятларини яратиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Мазкур мулоқотда ҳам айнан шу масалалар юзасидан фикр алмашилиб, ёшларнинг таклиф ва ғоялари қўллаб-қувватланди.

Учрашув якунида илғор ташаббусларни ривожлантириш, ёшларнинг “Voice Up” (“Фикрингни бер”) лойиҳасининг вилоят босқичида фаол иштирокини таъминлаш мақсадида масъул ходимлар бириктирилди.

Бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ва жамият тараққиётига хизмат қиладиган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу каби учрашувлар ёшларнинг давлат сиёсатига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаб, ислоҳотларда уларнинг фаол иштирокини таъминлайди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири