“Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир.
Бу борада “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурамиз. Биз жамиятимиздаги бағрикенглик сиёсатини изчил амалга оширмоқдамиз”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти
Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқидан
Халқаро сиёсат саҳнаси кўпинча шахмат тахтасига қиёсланади. Аммо бугунги дунёда бу тахтадаги ўйин ҳаддан ташқари зиддиятли ва хавотирли тус олган. Геосиёсий кескинлик, ўзаро ишончсизлик ва қутбланиш кучайиб бораётган бир пайтда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбари дунё учун нафақат ташвишларни, балки ечимларни ҳам тақдим этадиган “ташаббуслар саҳнаси”га айланмоғи лозим. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи ана шу тарихий заруратга ўз вақтида берилган ва чуқур ўйланган жавоб бўлди. Бу, шунчаки дунёнинг бугунги ҳолига берилган баҳо эмас, балки ўзаро ишонч қалқиб турган бир шароитда низолар ўрнига мулоқотни, вайронкорлик ўрнига яратувчиликни таклиф этган аниқ йўл харитасидир.
Нутқда иқтисодий интеграциядан тортиб, “яшил” энергетикагача бўлган ўнлаб масалалар тилга олинди. Бироқ уларнинг барчаси замирида муҳим стратегик мақсад мужассам: эртанги дунё тақдирини ўз қўлига оладиган авлоднинг онги ва қалби учун курашиш. Зеро, бугун қабул қилинаётган ҳар бир сиёсий-иқтисодий қарор пировардида ёшларнинг қалбига қайси ғоялар ўрнашишини белгилайди: тинчлик ва ҳамкорликми ёки тажовуз ва адоват. Бу стратегик мақсаднинг амалий чўққиси сифатида илгари сурилган “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ғояси эса шунчаки янги ташаббус эмас, балки Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги изчил сиёсатининг ёрқин ва мантиқий давоми сифатида ташланган яна бир муҳим қадамдир.
Бу ғоянинг аҳамиятини тўлиқ англаш учун бироз ортга, 2017 йилга қайтиш керак. Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан туриб, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилишдек юксак аҳамиятга эга таклифни ўртага ташлаган эди. Бу – жаҳон ёшларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш учун глобал ҳуқуқий пойдевор яратишга қаратилган дадил қадам бўлди. Бу таклиф дунё ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди ва Ўзбекистонни ёшлар масаласи бўйича глобал жараёнларнинг фаол иштирокчисига айлантирди.
Орадан саккиз йил ўтиб, 80-юбилей сессиясида илгари сурилган “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” эса ўша пойдевор устига қурилаётган амалий платформадир. Агар Конвенция “қандай қилиш керак?” деган саволга жавоб бериб, умумий қоидаларни белгилаган бўлса, янги Ҳаракат “ким қилади ва қаерда қилади?” деган саволга жавоб беради. У ёшларнинг ўзларини тинчлик, гуманизм ва дўстлик ғоялари атрофида бирлаштирувчи, бюрократиядан холи, жонли ва универсал механизмга айланиши кўзда тутилган. Бу – Ўзбекистон дипломатиясининг бир марталик юришлар билан эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи, босқичма-босқич амалга ошириладиган узоқ муддатли стратегия билан иш кўраётганини намоён этади.
Хўш, нима учун дунё ёшлар масаласида айнан Ўзбекистон таклифига қулоқ тутиши керак? Бу саволга жавобни мамлакат ичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзи бериб турибди. Халқаро минбарда илгари сурилган ҳар бир ғоя, агар унинг ортида миллий даражадаги амалий ҳаракатлар бўлмаса, қуруқ сўзлигича қолиб кетади.
Ўзбекистон эса бу масалада дунёга бемалол кўрсата оладиган аниқ натижаларга эга. Нутқда келтирилганидек, олий таълим қамровининг атиги бир неча йилда 9 фоиздан 42 фоизга етказилиши – бу жаҳон миқёсида камдан-кам учрайдиган ўсишдир. Бу – бутун бир авлоднинг интеллектуал салоҳиятига, мамлакатнинг эртанги рақобатбардошлигига киритилаётган энг қимматли сармоядир. Ўқитувчи ва мураббийлар нуфузини ошириш давлат сиёсатининг марказига қўйилгани эса, бу сармоянинг пойдевори нақадар мустаҳкам эканлигини кўрсатади. Бу, Ўзбекистоннинг ёшлар масаласида глобал лидерликка даъво қилишига асос берувчи энг асосий амалий натижаларидир.
Бугунги дунёда давлатлар нафақат ҳарбий ёки иқтисодий қудрати билан, балки ўзининг “юмшоқ кучи” – маданияти, ғоялари ва қадриятларининг жозибадорлиги билан ҳам рақобатлашади. Ўзбекистон таклиф этаётган модел – айнан ана шу “юмшоқ куч”нинг ёрқин намунасидир.
Дунё қудратли кучларининг “қаттиқ” риторикаси, санкциялар ва қарама-қаршиликлар фонида, Ўзбекистон майдонга маърифат, мулоқот ва бағрикенглик ғояларини олиб чиқмоқда. “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни мамлакатда Ислом цивилизацияси маркази очилиши, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломалар меросини БМТда тақдим этиш режалари билан биргаликда кўриб чиқиш лозим. Бу – бир-бирини тўлдирувчи, ягона стратегиянинг таркибий қисмлари. Унинг моҳияти – дунёга Ўзбекистонни нафақат иқтисодиёти ўсаётган замонавий мамлакат, балки жаҳон цивилизациясига бебаҳо интеллектуал хазина ҳадя этган, бугун ҳам дунёга айтар муҳим сўзи бор маърифатпарвар давлат сифатида танитишдир.
Хулоса шуки, давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридан янграган ташаббуси – бу шунчаки бир таклиф эмас. Бу, зиддиятлардан чарчаган дунёга янгича нигоҳ билан қарашга, келажакни вайронкорликда эмас, бунёдкорликда, низо-жанжалларда эмас, ёш авлоднинг салоҳиятида кўришга даъватдир. Баъзилар бугун дунёда деворлар қураётган бўлса, Ўзбекистон келажакка олиб борадиган кўприкларни қуришни таклиф этмоқда. Бу кўприкларнинг меъморлари – бутун дунёнинг билимга чанқоқ, тинчликсевар ёшлари бўлиши керак. Бу, нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун инсониятнинг энг тўғри ва энг умидли стратегиясидир.
Алишер Эгамердиев,
Ўзбекистон Миллий университети
таянч докторанти