Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Сиёсий партиялар томонидан Ёшлар парламенти сайлови учун муносиб номзодларни саралаб олиш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашида Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзолигига номзодларни саралашнинг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳудудий босқичлардан ўтган номзодларнинг сиёсий билим ва кўникмалари, сиёсий-ҳуқуқий жараёнлардаги фаоллиги, ташаббускорлиги синовдан ўтказилди.


Шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ҳам Ёшлар парламентига саралаш босқичи ташкил этилди. Унда пойтахтимизнинг фаол, ташаббускор ва ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга бўлган ёшлари иштирок этди.

Саралаш босқичи давомида номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Ёшлар парламенти сайловини ташкил этиш тўғрисидаги Низом талаблари асосида кўриб чиқилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг сиёсий саводхонлиги, нутқ маданияти, жамоатчилик билан ишлаш кўникмалари ҳамда келажакдаги режаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жараёнда юқори натижа кўрсатган номзодлар рўйхати шакллантирилди.
М.Комилова, ЎзА