ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ҳокими ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. 30 июнь – Ёшлар куни доирасида ўтказилган тадбирда фаол йигит-қизлар ва уларнинг ота-оналари, педагоглар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
[gallery-24107]
Самимий мулоқотда сўнгги вақтларда туманда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, кўзда тутилган янги лойиҳалар ва аниқ манзилли режалар ҳақида сўз борди. Ўз навбатида ёшлар меҳнат бозорида талабгир касбларни эгаллаш, таълим олиш, бизнесни йўлга қўйиш учун яратилаётган шарт-шароитлар, имконият ва кафолатлар юзасидан қизиқтирган саволларига масъуллардан жавоб олди, фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир сўнгида жорий ўқув йилида тумандаги умумтаълим мактабларини аъло баҳоларга битирган ўғил-қизларга олтин медаль, ота-оналарига ташаккурнома топширилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА