Ҳар бир мамлакатнинг тараққиёти, унинг келажаги ёш авлоднинг билимли, ватанпарвар ва фаол бўлишига бевосита боғлиқ. Ёшлар — миллатнинг куч-қудрати, ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол аъзоси. Шу сабабли ҳам дунё мамлакатларида ёшларга катта эътибор қаратилади, улар учун ҳар томонлама шароитлар яратилади.
Бугун юртимизда Ёшлар куни нишонланмоқда. Мазкур сана давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йилда эълон қилинган ва 2018 йилдан буён доимий тарзда ўтказиб келинади.
Табиатга бефарқ бўлмаган, долзарб экологик муаммоларга ечим излашда жонбозлик кўрсатиб, муҳим таклиф ва ташаббуслар билан чиқаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. Ўз навбатида Тошкентда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида Марказий Осиёдаги атроф-муҳит масалаларига қаратилган биринчи олий ўқув юрти — Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ("Green University") очилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу маскан атроф-муҳитни асрашга қизиқадиган экофаол, интилувчан ёшларимизни нафақат юртимиз, балки минтақадаги экологик вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қиладиган тажрибали кадрларга айлантирмоқда.
Бундан ташқари, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан турли ташкилотлар ҳамкорлигида ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, уларнинг ғоялари, таклиф ва ташаббусларини амалга ошириш мақсадида доимий тадбирлар, танловлар ўтказилмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да экологик муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган “Эко-оромгоҳ–2025” тадбири ташкил этилди ва унда ёшлар сув танқислиги, чўлланиш, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, чиқиндилар, транспортдан ташланадиган ташламалар ва бошқа экологик муаммоларга эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, мактабларда ҳамда мактабгача таълим муассасаларида ҳам ёшларнинг экологик билим ва салоҳиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бугунги кунда 10 мингдан ортиқ умумий ўрта таълим муассасасида 30 мингдан ортиқ экологик-биологик тўгарак ташкил этилган бўлиб, уларда 500 минг нафарга яқин ўқувчи ёш жалб қилинган. Ушбу тўгаракларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилардан оқилона фойдаланиш, сув ва электр энергиясидан мақсадли фойдаланиш каби мавзуларда тўгарак машғулотлари ўтказилмоқда.
Ҳозирда “Баркамол авлод” болалар мактабларининг 79 номдаги тўгараклари ўқув дастурлари янгиланиб, экология йўналишида “Ёш эколог ва табиатшунос”, “Флористика ва фауна”, “Экодизайн” ва “Атроф-муҳит муҳандиси (инжинир эколог)” тўгараклари ўқув-дастурлари ишлаб чиқилиб, такомиллаштирилди. Бугунги кунда 5 минг 200 та умумтаълим мактабларида “Экология бурчаклари” ташкил этилиб, мазкур бурчаклар зарур материаллар билан таъминланмоқда.
Ёшлар куни шунчаки байрам эмас, балки улар билан мулоқот қилиш, овозини эшитиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун белгиланган муҳим кун. Бу сана жамиятнинг ҳар бир аъзосини ёшларга эътиборли бўлишга, уларни қўллаб-қувватлашга чорлайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА