Андижонда “Мен ғолиб” шиори остида оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди.
Андижон шаҳридаги Эко парк ҳудудида бўлиб ўтган марафон очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов сўз олиб, мамлакатимизда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб, иштирокчиларга омад тилади.

Спорт ва соғломлаштириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида эркаклар ва қизлар ўртасида ўтказилган марафонда умумтаълим, спорт мактаблари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари иштирок этиб, ўзларининг жисмоний тайёргарлиги ва спортга бўлган қизиқишини намоён этди.
Марафоннинг якуний натижаларига кўра, эркаклар ўртасида биринчи ўринни Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм хизматчиси Воҳид Искандаров, иккинчи ўринни Андижон давлат педагогика институти талабаси Дилшод Ғофуржонов, учинчи ўринни Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ўқувчиси Муҳаммадсодиқ Муҳаммаджонов қўлга киритди.

Қизлар ўртасида эса биринчи ўринга Андижон давлат педагогика институти талабаси Дилшода Усмонова, иккинчи ўринга Қўрғонтепа тумани спорт мактаби ўқувчиси Насима Мамирова, учинчи ўринга Жалақудуқ тумани спорт мактаби ўқувчиси Назмина Раҳимжонова сазовор бўлди.

– Ёшидан қатъий назар спорт билан шуғулланган киши ҳамиша соғлом ва бақувват бўлади, – дейди марафон ғолибларидан бири, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Дилшода Усмонова. – Шу маънода минглаб ёшларни бирлаштирган ушбу марафон жисмонан соғлом бўлишимизга ёрдам бериш билан бирга, биз ёшларга куч-ғайрат, шижоат улашди.
Якунда ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, турли номинациялар бўйича ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари