30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида Гулистон туманида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган эзгу ташаббус амалга оширилди.
Бугун эрта тонгда туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев бошчилигида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” лойиҳаси доирасида оммавий юриш марафони ташкил этилди. Тадбирда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар, турли соҳалар вакиллари билан бир қаторда, юртимиз шарафини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилиб келаётган машҳур спортчи — кураш бўйича икки карра Осиё ва икки карра жаҳон чемпиони Ҳилола Ортиқбоева ҳам иштирок этди.

Юриш туманнинг марказий кўчалари орқали амалга оширилиб, иштирокчиларни ягона мақсад — соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга татбиқ этиш ғояси атрофида бирлаштирди. Тадбир давомида экологик маданиятни юксалтириш, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва яшил ҳудудларни асраш борасида самарали мулоқотлар ташкил этилди. Ёшлар ободонлаштириш ишларига ҳам жалб этилди.

– Бугунги тадбир ёш авлод учун катта мотивация манбаи бўлди. Юртбошимизнинг ёшлар ва спортга қаратаётган доимий эътибори туфайли биз спортчилар ўз салоҳиятимизни тўлиқ рўёбга чиқариш учун барча шароитларга эгамиз. Соғлом турмуш тарзи нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам жамиятни шакллантиради. Шунинг учун ҳам ёшларимиз доимо ҳаракатда бўлиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши зарур. Мен бугунги юришда қатнашган ҳар бир иштирокчини ғолиб деб биламан, – дейди спортчи Ҳилола Ортиқбоева.
Марафон байроқдор автомобиллар карвони иштирокида якунланди. Шунингдек, туман ҳудудларида турли спорт мусобақалари, маданий чиқишлар ҳамда ёшлар учун интерактив учрашувлар ташкил этилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири