Ёшлар куни – ташаббуслар ва янги имкониятлар муҳокама қилинди
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар пайшанба куни “Ёшлар куни” сифатида белгиланиши ёшларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, сифатли таълим олиши ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётган муҳим ташаббуслардан биридир.
Мазкур ташаббус ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш йўлида кенг имкониятлар яратмоқда.

Шу муносабат билан Қўқон давлат университетида Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмоновнинг талаба-ёшлар билан очиқ мулоқоти ташкил этилди. Учрашувда университет ректори Дилноза Ходжаева, проректорлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда кўплаб талаба-ёшлар иштирок этди.
Самимий ва очиқ руҳда кечган учрашув давомида шаҳар ҳокими бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Жумладан, замонавий ва сифатли таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, хорижий тилларни мукаммал ўрганиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш, муносиб иш ўрни топиш ҳамда ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун яратилаётган шарт-шароитлар алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, стартап лойиҳаларини ривожлантириш, битирувчи ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири экани қайд этилди. Бу борада меҳнат бозори талабларига мос, рақобатбардош ва замонавий билимларга эга мутахассисларни тайёрлаш масаласи долзарб эканлиги алоҳида урғуланди.
Учрашув якунида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббуслари билан мурожаат қилдилар. Ёшлар томонидан таълим сифати, бандлик, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун яратилаётган имкониятлар, шунингдек, шаҳар инфратузилмаси ва ёшлар учун мўлжалланган лойиҳалар юзасидан кўтарилган масалаларга мутасадди раҳбарлар томонидан аниқ ва тушунарли жавоблар берилди.

Бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг муаммоларини бевосита ўрганиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, энг муҳими эса, ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Учрашув якунида талаба-ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, билим ва салоҳиятини Ватан равнақи йўлида сафарбар этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ҳамроз Баёнов, ЎзА