Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, ёшлар онгига “Коррупция – келажакка таҳдид” деган ғояни сингдириш, уларни бу иллатга қарши муросасиз қилиб тарбиялаш ва бир мақсад сари бирлаштириш, коррупцияга қарши курашиш жараёнларига уларни фаол жалб этиш, салоҳият ва имкониятларидан тўғри ва унумли фойдаланиш эътибор марказида.

Шу мақсадда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Бошқарувда ҳалолликни шакллантириш: ҳуқуқий таълим коррупцияга қарши ислоҳотлар воситаси сифатида” мавзусида биринчи ёзги мактаб ташкил этилди.
Бўстонлиқ туманида ўтказилаётган тадбирда олий ўқув юртлари юридик клиникалари талабалари билим ва малакасини оширади.

Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳаллалар уюшмаси каби ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси вакиллари ўз тизимида коррупцияга қарши курашиш тадбирларига ёшларни жалб қилиш усул ва воситалари бўйича ўзаро фикр алмашмоқда.
Уч кунга мўлжалланган тадбир доирасида “Коррупцияга қарши волонтёрлик фаолияти” ҳамда Аксилкоррупция коворкинг марказлари фаолияти лойиҳалари тақдимоти ўтказилиши кўзда тутилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА