Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Ойдин маҳалласида ёшлар билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар намунавий тажриба сифатида эътироф этилмоқда. Маҳалла аҳолиси, хусусан, ёшлар ўртасидаги муаммоларни ўрганиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва фаол ҳаётга жалб этиш мақсадида ташкил этилган тизим орқали ёшларнинг турмуш тарзи, дунёқараши ва ижтимоий фаоллиги сезиларли даражада ўзгармоқда.
Маҳаллада ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритаётган Шаҳзод Жалолов ўз вазифасини бажаришда аввало ёшлар билан доимий мулоқот, уларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратади. Бугунги кунда Ойдин маҳалласининг 10 минг 874 нафар аҳолиси орасида 1 минг 610 нафарини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шу омилга таянган ҳолда манзилли ва тизимли ишлар олиб борилмоқда.
– Ёшлар сиёсати доирасида маҳалла миқёсида амалга оширилаётган “Долзарб 90 кун” режаси асосида 92 та тадбир, лойиҳа ва танловни ўз ичига олган календарь режа ишлаб чиқдик, – дейди Шаҳзод Жалолов. – Хусусан, ёз ойларида спорт, санъат, технология, таълим ва ижтимоий фаоллик каби соҳаларда мингдан зиёд ёшлар фаол иштирок этмоқда.
Маҳаллада ёшларнинг спортга қизиқишини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлик” футбол клуби ташкил этилди. Ушбу жамоа Касби туманида ўтказилган ёш ўсмирлар ўртасидаги вилоят турнирида 1-ўринни, шунингдек, “Насаф-2014” жамоасига қарши баҳсда ҳам ғалабани қўлга киритган. Шунингдек, кураш бўйича ҳам вилоят ва Республика босқичларида муваффақият қозонаётган ёшлар маҳалланинг фахрига айланмоқда.
Технологиялар соҳасида ҳам муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Маҳаллада жойлашган Технопарк базасида “Best Coder” номли дастурлаш ва SMM тўгараклари ташкил этилган бўлиб, 100 га яқин ёшлар мунтазам равишда замонавий IT кўникмаларини эгалламоқда.
– Мен 15 ёшдаман. Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида 9-синфда ўқийман, – дейди Мадинабону Қурбонова. – Ёзги таътилни мазмунли ўтказиш мақсадида технопаркда SMM бўйича таълим олмоқдаман. Келажакда медиа маркетинг соҳаси ривожига ҳисса қўшишни ният қилганман.
Сўнгги икки ойда 25 та спорт тадбири, 11 та кўнгилочар шоу дастури, 7 та интеллектуал ўйин, 9 та китобхонлик ва хорижий тил бўйича танловлар ўтказилди. Бу тадбирлар орқали ёшлар ўртасида билимга қизиқиш, маданиятга бўлган эътибор ва ижтимоий фаоллик юқори даражага кўтарилди.
Ойдин маҳалласида 1 та умумтаълим мактаби, 1 та олий таълим муассасаси, “Ишга марҳамат” моно маркази ва Технопарк мавжуд бўлиб, ушбу инфратузилмалар ёшлар имкониятларини кенгайтиришда муҳим роль ўйнамоқда. Ёшлар етакчиси бу масканлар билан ҳамкорликда уларни таълимга, касбга йўналтириш, иш билан таъминлаш бўйича аниқ вазифаларни амалга оширмоқда.
Бугун маҳаллада ёшлар билан ишлаш тизими натижа бераётган самарали механизм сифатида шаклланмоқда. Бу жараённинг марказида эса ёшлар етакчиси – Шаҳзод Жалолов турибди. Унинг фаолияти нафақат маҳалла, балки бутун Қашқадарё вилояти учун намуна сифатида эътироф этилмоқда.
Маҳалла даражасида амалга оширилаётган бундай ишлар – давлат сиёсатининг қуйи бўғинидаги самарадорлик ифодасидир.
Ўлмас Баротов,ЎзА мухбири