Мотивация!
Ҳар бир инсон болалигида самода парвоз қилаётган самолётларга ҳайрату ҳавас билан қарагани, ўзи ҳам парвоз қилишни ёхуд учувчи бўлишни орзу қилгани шубҳасиз. Осмону фалак узра шиддат билан елаётган учоқлар ҳаммани ўзига маҳлиё қилиши рост. Каттадан-катта ҳаво кемаларини минглаб километр баландликларга олиб чиқиш, уни бошқариб, булутлар узра парвоз қилдириш ҳамиша ҳайратланарли ва эртакнамо туюлган.

Аммо учоқларни ўзига бўйсундириб бошқара олиш ўта масъулиятли ишдир. Айниқса, турли вазиятларда тезкорлик билан қарор қабул қилиш, юзлаб йўловчиларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун масъулиятни зиммага олиш ҳар бир учувчидан катта маҳорат ва жасоратни талаб этади.
«Uzbekistan Airways» акциядорлик жамияти Парвоз хизмати департаменти 3-учувчилар отряди «А-320» ҳаво кемаси учувчиси Асрор Қамбаров ёш бўлишига қарамай, тенгқур учувчилар орасида энг кўп учишларни амалга оширган, маҳоратли учувчилардан бири. 7 йиллик фаолияти давомида минглаб йўловчиларни ўз манзилига соғ-саломат етказишга масъулият билан ёндашиб келаётган Асрор 3,5 минг сотлик учишларни амалга оширган.
У ўз фаолияти давомида кўрсатган натижалари туфайли шу йил 30 июнь — Ёшлар кунида “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланиб, давлат раҳбарининг қўлидан ушбу мукофотни олишга муяссар бўлди.
Асрор Қамбаров 1996 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У болалигидан учувчи бўлиш орзусида улғайди. Бу бежиз эмас. Чунки Асрорнинг отаси Аваз ака ҳам 42 йил давомида «Uzbekistan Airways»да фаолият юритган маҳоратли учувчи. Асрорда бу ҳайратланарли касбга бўлган меҳр-эътибор, интилиш ва ҳавас оиладан бошланган, қондан ўтган. Отасининг фаолиятидан завқланиб, касбига ҳавас қилиб, унинг изидан борди.
— Латвия Республикасининг Рига шаҳрида Рига аэронавигация институтини битирганман, — дейди Асрор. — Сўнг АҚШнинг Флорида штатида амалиёт ўтадим. Шундан сўнг «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамиятига ишга қабул қилиндим. Бугунги кунда «А-320» ҳаво кемасида иккинчи учувчи сифатида ишлаб келяпман. АҚШнинг Флорида штати Маями шаҳрида биринчи парвозимни амалга оширганман. Ўшанда ички туйғуларим шундай деган: “Учувчи бўлиш орзуимга эришаман, мен буни, албатта, уддалайман”. Ана шу туйғу ва ишонч билан ушбу соҳада фаолият кўрсатяпман.
Фаолиятим давомида жами 3,5 минг соатлик учишни амалга оширганман. Ҳар гал учишга тайёрланиш давомида барча ҳаяжон ва ҳис-туйғуларни енгиб, диққатни бир жойга жамлаб, бутун эътиборни авиақатнов давомида хавфсизликни таъминлаш ва учишни хавф-хатарсиз, муваффақиятли якунлашга қаратамиз. Ҳар сафар ота-онамнинг дуоларини олиб, учишга отланаман. Қўнаётганда эса Ватаним, ота-онам бағрига қайтаётганимни ҳис қиламан. Давлатимиз раҳбари билан учрашганимизда, кўксимга медални тақиб қўяётганларида миллионлаб ёшларга нисбатан эътибор ва ишончни туйдим. Шу билан бирга, юртимиз келажаги, мамлакатимиз авиациясининг эртаси биз ёшлар билан боғлиқ эканини ич-ичимдан ҳис қилдим.
Учувчилик менинг қонимда бор. Отам меҳнат фаолиятини учувчилик касбида олиб бориб, пенсияга чиқдилар. Айни пайтда «Uzbekistan Airways»да ёш пилотларни тайёрлаш бўйича курсларнинг бош инструктори сифатида ёшларга билим беряптилар.
Келажакда кема сардори бўлиб ишлаш, мамлакатимиз авиацияси равнақига ҳисса қўшиш истагидаман. Бунинг учун бор куч ва маҳоратимни ишга соламан. Умуман, бугун юртимиз ёшлари учун кенг имкониятлар яратилган. Ҳар бир тенгдошим ўз орзу-ниятлари йўлида билим олса, ҳаракат қилса, албатта, уларга эришади, — дейди ёш учувчи.
Дарҳақиқат, от изини той босар, деганларидек, ота касбини эгаллаб, ёшлигидан учувчиликка қизиқиб улғайган Асрор Қамбаров бугун ёш учувчилар орасида энг моҳирларидан бириган айланган. Учувчи парвоз давомида ҳаво кемасининг юраги бўлиш баробарида юзлаб, минглаб йўловчиларнинг ҳаётини, хавфсизлигини таъминловчи масъул ҳамдир. Бундай масъулиятга ўз вақтида эгалланган билим ва тажриба ҳамда моҳирлик ва жасурлик билан жавоб бера олиш мумкин. Ана шундай маҳоратли ёш учувчи юртдошимизга мусаффо осмонимиз узра парвозлари бехатар бўлсин, дея тилак билдирамиз.
Муҳтарама Комилова, ЎзА