Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, маҳаллаларда кичик бизнес ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш борасидаги тадбирлар тизимли давом этмоқда.
Жумладан, Жондор туманида ҳам бу борадаги ислоҳотлар қулоч ёзмоқда. Тумандаги “Қароли” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган ёшлар саноат зонасида 15 гектар, кичик саноат зонасида 30 гектар ер ажратилган. Айни дамда кичик саноат зонасида ўнга яқин лойиҳа ишга туширилган. Мазкур лойиҳалар орқали паррандалар учун озуқабоп гранулалар, суюқ кир ювиш воситалари, мих, афғон қозони, керамзит ишлаб чиқарилади.

Ёш тадбиркор Суҳроб Эллиев ташаббуси билан бугун бу ерда “Clean billur” МЧЖ ташкил қилинган. Корхонада тозалаш учун геллар ва суюқ ҳолдаги кир ювиш воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Бир йилда 2 миллиард донага яқин олти турдаги маҳсулот савдога йўналтирилади. Бундан ташқари, капсула ҳолида келган ярим маҳсулот қадоқланмоқда. Корхонада 12 нафар доимий ва ўн нафар ёлланма ишчилар меҳнат қилмоқда ва икки миллион сўмдан тўрт миллион сўмгача маош олмоқда.

– 2019 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида дастлаб Бухоро туманидаги “Шехонча” маҳалла фуқаролар йиғинида ижарага бино олиб, оилавий корхона фаолиятини йўлга қўйган бўлсак, бугунга келиб “Ёшлар саноат зонаси”дан аукцион савдоси орқали 45 сотих ер майдонини сотиб олиб, ишчиларимиз сонини 12 нафарга етказдик. Бошланишида “Бизнесни ривожлантириш банки”дан 60 миллион сўм кредит маблағ олиб, кейинчалик яна технология ва хомашё хариди учун жами 230 миллион сўм, “Ипак йўли банки”дан эса 120 миллион сўм кредит сармоясини расмийлаштирдик. Махсус ускуна ва дастгоҳни Фарғона вилоятидан буюртма асосида қабул қилдик. Дастлабки йилда ойига 3-5 тонна атрофидаги хомашёни қайта ишлаб, қадоқлаган бўлсак, бугунга келиб бир ойда 30 тоннагача маҳсулот қайта ишланиб, “Ретро” ёрлиғи остида қадоқланган суюқ гель ишлаб чиқармоқдамиз, – дейди корхона раҳбари Суҳроб Эллиев.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.