Сирдарё вилояти Сардоба туманида оммавий спортни ривожлантириш, ёшларни жисмоний тарбияга жалб этиш, шунингдек, “Беш ташаббус” ва “Олимпияда чўққиси” лойиҳалари асосида мусобақалар ташкил этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида охирги тўрт йилда спорт билан шуғулланувчилар сони 800 нафардан 3 минг нафарга ортиб, футбол, волейбол, баскетбол, велоспорт, ўзбек жанг санъати, камондан ўқ отиш, эркин кураш каби спорт турлари кенг оммалашди.
Эътиборли жиҳати, Сардобада етишиб чиқаётган ёшлар халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этмоқда. Хусусан, шахмат бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Баҳром Баҳриллаев шу мактабдан етишиб чиққан. Бундан ташқари, Олимпия спорт турлари бўйича 4 нафар, ноолимпия йўналишида 12 нафар спортчи жаҳон чемпионатида, 14 нафар спортчи Осиё миқёсида муваффақият қозонган.

Пўлат Усмонов томонидан асос солинган ўзбек жанг санъати спорт тури ҳам Сардобада кенг тарқалмоқда. Ҳозирда туманда 500 нафарга яқин ёшлар ушбу спорт тури билан шуғулланмоқда. 11 нафар мураббий ушбу машғулотларни юқори савияда ташкил этиб келмоқда.
Сирдарё вилояти спорт бошқармаси ташаббуси билан ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун Сардоба туманида ташкил этилган пресс-турда батафсил маълумот берилди.

– Етти йўналишдан иборат бўлган ўзбек жанг санъати ёшлар ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда, — дейди Ўзбекистон спорт устаси Мунаввар Норбоева. — Шогирдларим орасида 20 нафар Осиё, 10 нафар жаҳон чемпионлари бор. Улардан бири — Дилшод Аҳмедов жаҳон чемпионатининг саралаш босқичида ғолиб бўлиб, жисмоний тарбия ва спорт институтига имтиёзли тарзда қабул қилинди. Бу ютуқлар ортида меҳнат, фидойилик ва кенг қўллаб-қувватлаш ётади.

Сўнгги уч йилда “Беш ташаббус” ва “Олимпияда чўққиси” мусобақаларида сардобалик ёшлар 6 та олтин медални қўлга киритди. Ушбу ютуқлар эътиборсиз қолмади. Чемпионлар етишиб чиққан Зомин, Бирлик ва Халқобод маҳаллаларида Спорт вазирлиги томонидан 3 та универсал спорт майдончаси барпо этилди.

– Биз бу билан чегараланиб қолмаймиз, — дейди туман спорт мактаби директори Тўлқин Низомов. — Сўнгги бир ярим йилда “Ташаббусли бюджет” доирасида 5 марта ғолиб бўлиб, усти ёпиқ спорт зали, 800 миллион сўмлик спорт жиҳозлари, 12 ўринли 2 та микроавтобусга эга бўлдик. Ҳозирда 1 миллиард 200 миллион сўмлик маблағ ҳисобига марказий стадионга сунъий қоплама, иккита бесседка ва резина йўлаклар қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, туманда мунтазам равишда мини-футбол, волейбол, шахмат-шашка ва миллий спорт турлари бўйича чемпионатлар ўтказиб келинмоқда. Уларда саралаб олинаётган иқтидорли ёшлар вилоят ва республика босқичларига тайёрланмоқда.

Шубҳасиз, ушбу ишлар соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларни турли салбий иллатлардан асрашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Сардобада спортни оммалаштириш, янги чемпионларни етиштириш ва маънан баркамол, жисмонан соғлом авлодни тарбиялашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири