Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Ёш лидерлар” дастурининг битирув маросими бўлиб ўтди.
Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ректори Жасур Салихов мазкур дастурнинг аҳамияти ва кутилаётган истиқболлари хусусида гапирди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг барча соҳаларида фаол иштирокини таъминлаш масаласи мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти билан ҳамкорликда “Ёш лидерлар” қўшма таълим дастури амалга оширилди. Ушбу дастур ёш раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳиятини юксалтиришга қаратилган.
“Ёш лидерлар” ўқув дастури тингловчилари Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Миллий кадрлар захираси таркибидан танлов асосида саралаб олинган.
Жумладан, ўқув режа-дастури умумий 3 ойлик бўлиб, қуйидаги тартибда ташкил этилди:
6 ҳафта — Академияда назарий билимларни ўзлаштириш,
6 ҳафта — мустақил таълим,
2 ҳафта — вазирлик ва идоралардаги амалий стажировка,
2 ҳафта — Корея Республикасида халқаро стажировка.

Қўшма таълим дастури мобайнида ўзлаштиришда энг юқори натижа кўрсатган 15 нафар фаол тингловчи ҳамда 1 нафар Академия профессор-ўқитувчиси Корея Республикасида бўлиб, мазкур давлат бошқаруви соҳасига оид билим ва кўникмалар ва илғор тажрибаларни ўзлаштириб қайтди.
Дастур якунида тингловчилар томонидан тайёрланган лойиҳа ишлари амалдаги долзарб муаммолар ечимига қаратилди ҳамда ўқув жараёнида эгалланган билим ва кўникмаларни амалиётда татбиқ этиш имконияти яратилди.
Ўқув курсини 26 нафар тингловчи муваффақиятли якунлади. Бугунги кунда дастур битирувчиларининг кўпчилиги давлат бошқаруви соҳасида самарали фаолият юритмоқда.
Мазкур дастурни тамомлаган тингловчилар Миллий кадрлар захирасига олинади ҳамда келажакда муҳим бошқарув лавозимига тайинланиш имкони ортади.

Дастурнинг муҳим жиҳатларидан бири — ҳар ҳафта якунида тингловчилар учун вазирлик ва идоралар раҳбарлари, таниқли давлат арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирокида мотивацион учрашув ва семинарларнинг ташкил этилишидир.
Мазкур дастурдан кутилаётган натижалар шундан иборатки, давлат бошқаруви тизимида раҳбарлик лавозимлари учун иқтидорли ёш кадрлар захираси шакллантирилади.
Турли соҳаларда фаолият юритувчи ёш мутахассисларнинг давлат бошқаруви соҳасидаги малакаси оширилади. Ижтимоий-иқтисодий муаммоларга илмий ёндашув асосида ечим топа оладиган мутахассислар сони ортиши таъминланади.
Тадбир якунида битирувчиларга диплом топширилди. Улар дастур доирасида орттирилган билим ва кўникмаларни Ўзбекистоннинг маҳаллий давлат бошқаруви тизимига жорий қилишда фаол иштирок этишлари кутилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА