Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида ёшларнинг фаоллиги ортиб бормоқда. Улар янги ғоялар ва замонавий технологиялар ёрдамида ҳосилдорликни оширишга интилмоқда. Шу боис, ёш фермерларни қўллаб-қувватлаш, уларга молиявий ёрдам кўрсатиш ва инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш алоҳида аҳамиятга эга. “Pharma Park”да ёш фермерлар ва тадбиркорларнинг инновацион ғоялари ҳамда ташаббусларини муҳокамасига қилишга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда давлат идоралари, ташкилотлар раҳбарлари, соҳавий экспертлар ва ёшлар иштирок этди. ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси Актам Ҳаитов ёш фермерларни қўллаб-қувватлаш долзарб вазифа эканини таъкидлади.
Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида ёш фермерларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси белгиланган.
Мазкур қарор доирасида кейинги йилларда қатор муҳим ижобий натижаларга эришилди. “Агросубсидия” тизими орқали 242,6 миллиард сўм субсидия ажратилди, фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали эса 75 миллиард сўм йўналтирилди. Бу тадбирлар натижасида жами 847,6 минг фуқаро, жумладан, 126,1 минг хотин-қиз бандлиги таъминланди.
Семинарда ёш фермерларнинг эҳтиёжлари ва улар олдида турган муаммоларни ҳал этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу жараёнда беш асосий йўналиш — ёшларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш, инновацион ва агротехнологик ечимларни жорий этиш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш алоҳида эътиборга олинди.
Шунингдек, тадбирда бозор имкониятларини кенгайтириш, қўшимча қиймат яратиш ҳамда амалий мулоқот ва тажриба алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир якунида фаол ёш фермерлар тақдирланди ва грант ҳамда инвестиция лойиҳалари бўйича танлов эълон қилинди. Бу ташаббус ёшларнинг илғор ғояларини амалга оширишда муҳим қадам бўлади.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА