Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилиб, ойлик доирасида корхона ва ташкилотларда, аҳоли ўртасида турли тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари ҳамда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Бугунги кунда Навоий машинасозлик заводи ишлаб чиқариш бирлашмасида 4000 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилади. Бирлашманинг асосий фаолияти кон-тоғ саноатида қўлланиладиган техникаларга эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш ва уларни таъмирлашдан иборат.
Мазкур йўналишдаги ишлаб чиқариш жараёнлари юқори техник хавфли ҳисобланиб, хавфсизлик талабларига изчил риоя этишни талаб этади.
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоийуран” давлат корхонаси объектларида Фавқулодда вазиятлар маркази томонидан Навоий машинасозлик заводи Асбобсозлик цехида содир бўлган шартли ёнғинни ўчириш ўқув тактик машғулоти ўтказилди.
Машғулот жараёнида мавжуд ҳамкорликдаги хизматлар билан мажмуада содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш, ишчи-ходимларнинг соғлиги ва фойдаланиб келинаётган мол-мулкларни асраш ҳамда ёнғинларни бартараф этишда шахсий таркиб жанговар шайлиги текширувдан ўтказилди. Шунингдек, ходимлар томонидан фавқулодда ҳолатлар содир бўлганда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги ва фуқароларни тезкор эвакуация қилиш ҳамда ёнғин содир бўлиши мумкин бўлган манбааларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди.
[gallery-26925]
– Халқимизда олов, ёнғин кутиб турмайди, деган ибора бор. Ёнғинни бартараф қилгандан кўра унинг олдини олган афзал, – дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоийуран” давлат корхонаси объектларида Фавқулодда вазиятлар маркази бошлиғи Исмоил Шарипов. – Корхона ва ташкилотларда, шу жумладан, ўта муҳим ҳамда тоифаланган объектларда Фавқулодда вазиятлар маркази ҳарбий хизматчилари томонидан мунтазам равишда кунлик ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда фаолият юритаётган ишчи-хизматчилар иштирокида содир бўлиши мумкин бўлган барча турдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ёнғин ҳолатларида тўғри ҳаракатланиш ва уни тезкор бартараф этиш мақсадида амалий тактик-техник машқ-машғулотлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, ҳар чоракда ёнғин хавфсизлиги ҳолатини янада яхшилашга қаратилган ёнғин-техник комиссия йиғилишлари ташкил этилиб келинмоқда.
Ушбу тактик машғулотлар шахсий таркиб амалий кўникмаларини ошириш ҳамда фавқулодда ҳолат содир бўлганда тўғри ҳаракатланишларида муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари