Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 ноябрдаги “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш” бўйича йиғилиш баёнида белгиланган вазифалар ижроси доирасида юртимизда 1 декабрдан 30 декабрга қадар “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилмоқда.
Мазкур ойликни юқори савияда ўтказиш, ойлик доирасида белгиланган ишларни самарали ташкил этиш, қиш мавсумида келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш бўйича Андижон вилоятида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

– “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”ни самарали ўтказиш юзасидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, – дейди Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Ботиржон Ашуров. – Шу кунларда белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ёнғинларнинг олдини олиш, хавфсиз турмуш тарзини шакллантириш ҳамда профилактик чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари, шунингдек, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш, электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш идораларининг ҳудудий бўлимлари ҳамкорлигида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу чора-тадбирлар доирасида кўп квартирали ва якка тартибдаги уй-жойлар, ижтимоий соҳа муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари, бозорлар, йирик савдо мажмуалари, шунингдек, аҳоли кўп тўпланадиган бошқа объектларда ёнғин хавфини олдини олишга қаратилган ўрнатилган тартибдаги текширув ва тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.

Ойликнинг дастлабки ҳафтаси давомида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида масъул идоралар ҳамкорлигида 259 та давлат, 25 та тадбиркорлик субъектлари объектларида ҳамда 146 та тунги вақтларда одамлар қоладиган масканларда профилактик ва мониторинг текширувлари ўтказилди. Ушбу тадбирлар доирасида объектлардаги иссиқлик ва электр ускуналаридан тўғри фойдаланиш, эвакуация йўлакларининг ҳолати, ёнғинга қарши ускуналарининг ишлаш қобилияти назоратдан ўтказилди.

Шунингдек, одамлар кўп тўпланадиган жойларда 23 маротаба ёнғин-қутқарув техникалари ва махсус воситаларнинг намойишлари ўтказилиб, аҳолига фавқулодда вазиятлар юзага келганда ҳаракатланиш қоидалари амалий тарзда тушунтирилди. Бундай тарғибот ишлари фуқароларнинг огоҳлигини ошириш, уларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Ойлик доирасида аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича эслатма материаллар тарқатилди. Жумладан, фуқароларга “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” мавзуси баён этилган, махсус тайёрланган 15 минг 153 дона эслатма ва буклетлар етказилди, 183 та ташқи реклама баннери ҳамда плакатлари аҳоли гавжум жойларига ўрнатилди. Ушбу тарғибот воситалари одамларга кундалик ҳаётда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ёдга солиб туришига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳлар тузилиб, “хонадонбай” тартибида аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Бозорлар ва савдо мажмуалари раҳбарлари билан ҳамкорликда ушбу объектларни электр энергияси билан таъминловчи трансформаторлар, электр тақсимлаш ускуналари, истеъмолчиларга уланган сим ва кабелларнинг қуввати ҳамда белгиланган талабларга мувофиқлиги ўрганилмоқда.
Шу билан бирга, сим ва кабель маҳсулотлари белгиланган тартибда синовдан ўтказилмоқда, ҳимоя (изоляция) қатлами шикастланганлари аниқланиб, уларни янгиларига алмаштириш чоралари кўрилмоқда.
Олиб борилаётган чора-тадбирлар ёнғинлар сонини камайтириш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва юртимизда тинч-тотув ҳаётни мустаҳкамлашга қаратилган ишлардир. Бу борада ҳар бир фуқаронинг масъулиятли бўлиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиши муҳим аҳамиятга эга.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича мунтазам ишлар амалга оширилиб келаётганига қарамай, жорий йил бошидан буён вилоятда содир бўлган ёнғинлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 77 тага кўпайган.
Бу ҳолат соҳадаги амалий чора-тадбирлар ва аҳоли ўртасидаги тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Жумладан, соҳа ходимлари томонидан ойлик давомида аҳолининг ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ва ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга, уларда шахсий хавфсизлик маданиятини шакллантиришга, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши белгилаб олинди.
Бир сўз билан айтганда, вилоятда ёнғин хавфсизлиги ойлигини юқори савияда ўтказиш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, кўнгилсиз фавқулодда ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА