Гулистон шаҳрида фавқулодда вазиятлар хизмати қутқарувчиларининг малакасини ошириш ва ёнгин қутқаруви соҳасидаги тажрибаларини мустаҳкамлаш мақсадида "Ёнғин-қутқарув спорти"нинг вилоят биринчилиги ўтказилди. Мусобақада Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тизимида фаолият олиб бораётган ходимлардан ташкил топган жамоалар иштирок этди.
Мусобақа шартига кўра, қатнашчилар ишғол қилиш нарвонида тўртинчи қаватга кўтарилиш, 100 метрга тўсиқлар оша югуриш, 4х100 метрга ёнғин ўчириш эстафетаси ва жанговар ёйилиш каби жисмоний тайёргарлик ҳамда тест синовларидан ўтишди. Асосийси, мусобақа давомида қутқарувчиларнинг ҳар томонлама тайёргарликлари ва ўзаро ҳамкорликда ишлаш кўникмалари синовдан ўтказилди.


Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, жамоавий ҳисобда фахрли 1-ўринни Гулистон шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари қўлга киритган бўлса, 2-ўринга Ширин шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими, 3-ўринга эса "Сирдарё ИЭС" АЖ ОБЙХТТЕ бўлими қутқарувчилари сазовор бўлишди.
Ғолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.



Ғулом Примов, ЎзА мухбири