Ҳар бир ҳудуднинг қиёфасига кўрк бағишловчи жиҳат ўша ҳудуднинг йўллари ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида ободончилик, бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда йўллар қуриш, мавжуд йўлларни таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўплаб йўллар жорий ва капитал таъмирланиб, янги-янги йўллар барпо этилмоқда.
Мазкур йўналишда Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунда Андижон вилоятида 13 минг 346 километр автомобиль йўллари бўлиб, шундан 2 минг 463 километри умумий фойдаланишдаги автомобиль йўли, 10 минг 882,8 километри эса ички автомобиль йўлларидир. Мавжуд йўлларнинг 269 километри цементбетон, 7 минг 542 километри асфальтбетон, 4 минг 458 километри шағал билан қопланган, 1 минг 77 километр масофадаги йўл эса тупроқ йўллардир.
– Вилоятда турли тоифадаги йўлларни таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Мирзоҳид Нурматов. – Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида белгиланган дастурлар доирасида 696,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди, 1 минг 474,8 километр узунликдаги йўллар таъмирланиб, ҳолати яхшиланди. Белгиланган режа 100,1 фоизга бажарилди. Инфратузилмани ривожлантириш дастури доирасида 86,4 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 20,5 километр масофадаги шаҳар йўллари фойдаланишга топширилди. Жумладан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш бўйича 69,4 миллиард сўм, шаҳар кўчаларини қуриш-таъмирлаш бўйича 9,5 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди. Бундан ташқари, эркин иқтисодий зоналар ҳудудидаги 0,5 километр ички йўллар таъмирланди. Бунинг учун 7 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш йўналишида ҳам белгиланган ишлар юз фоизга бажарилди. Яъни 408,3 километр масофадаги автомобиль йўли таъмирланди. Бунинг учун 151,3 миллиард сўм маблағ сарфланди. “Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш” дастури доирасида 303,2 миллиард сўм миқдорида маблағ ўзлаштирилиб, 694,2 километр йўл таъмирланди. Дастур доирасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан 100,5 километр узунликдаги ички йўллар қўшимча равишда таъмирланди.
Вилоятда ички йўлларни таъмирлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада чекка ҳудудлардаги неча ўн йиллар давомида таъмирланмаган, ёзда чанг, қишда лой кўчаларга шағал ётқизилди, маълум бир қисми асфальтланди. Жумладан, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 113,5 километр ички йўллар таъмирланди. Шунингдек, маҳаллаларда биринчи навбатда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар доирасида жами 238,3 километр, шундан 19,8 километр умумий фойдаланишдаги ва 218,6 километр ички йўллар таъмирланиб, ҳолати яхшиланди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда умумфойдаланиш йўлларидаги 4 та, ички йўллардаги 10 та кўприк таъмирланди. Айни кунларда вилоятда йўлларни таъмирлаш, ҳолатини яхшилаш борасидаги ишлар режа асосида давом эттирилмоқда.
[gallery-15029]
Йўлсозларнинг бош мақсади, йўлларни равон ва текис бўлишини таъминлаш орқали юртдошларимиз ҳамда автомобиллар қатнови учун зарур шароит, қулайликлар яратишдир.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари